Қирғизистонда инвестицион виза олиш жараёни енгиллаштирилди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигидаги матбуот-анжуманда маълум қилинди. 

Маълумотларга кўра, аввал инвестицион виза олиш учун Қирғизистон иқтисодиётига камида 35 млн сом сармоя қилиш керак эди. Ҳозирда бу қиймат 10 млн сом қилиб белгиланди.  

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги консуллик хизмати департаменти бошлиғи Эркин Асангуловнинг маълум қилишича, Қирғизистонда 5 апрелдан мамлакатга киришга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш тартибининг янги йўриқномаси амал қила бошлайди. Ҳужжат Қирғизистонга хорижликларнинг келиши, миграция сиёсатини регламентлаштириш ва террорчилик хавфи олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.  

Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг қўшимча қилишича, янги йўриқномага кўра, ягона виза стикери амал қилади. Таъкидланишича, визанинг ўртача нархи 50 долларни ташкил қилади. Хорижда яшовчи қирғизларни келгусида ушбу консуллик йиғимларидан тўлиқ озод қилиш режалаштирилмоқда.