Ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари Москва жамғарма банкининг икки нафар ходимини фирибгарликда гумон қилиб ҳибсга олишди, деб хабар беради "Коммерсант" газетаси. Банк менежери лавозимида ишлаб келаётган опа-сингил Марьям ва Тамила Дадашеваларни Москва автосалонида Ferrari сотиб олиш чоғида қўлга олишган. 

Тергов маълумотларига кўра, устамон қизлар юридик шахс сифатида банкда фаолият кўрсатиб мижозлар ҳисобидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишган. Ўз лавозимидан фойдаланган  Дадашевалар бошқа бир хусусий фирма ҳисобига катта миқдорда (40 миллион рубль) пул ўтказиб, кейин уни нақд пулга айлантиришган. 

“Бу тергов иши бизнинг банк хавфсизлик хизматимиз кўмагида ўтказилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тергов ишига алоқадор барча зарурий ҳужжат ва маълумотларни тақдим этмоқдамиз. Жиноятчилар жазоланиши тарафдоримиз”, - дея маълум қилишган банк мутасаддилари. Қаллоб Дадашеваларга қарши қўзғатилган жиноят иши катта миқдордаги фирибгарлик деб баҳоланмоқда.