Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти тўсиқларни олиб ташлади ва савдо учун барча имкониятларни очиб қўйди. 

«Остона ва Тошкент икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларда ҳамкорлик қилиш борасида Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардир. Давлатларимиз ўртасида ўтган йили маҳсулот айланмаси ҳажми 2 миллиард долларга яқинни ташкил қилган. Савдо ҳажми ўсиши 16 фоизга тенг бўлган», дея президентнинг сўзларини келтирган «Казинформ».

Қозоғистон раҳбари охирги вақтларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар бутунлай янги босқичга ўтганини қайд этган.

«Фақат охирги 5 ойда давлатларимиз ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ўсган, янги маҳсулотларни етказиб бериш йўлга қўйилган. 4та савдо уйи очилди, Ўзбекистонга буғдой экспорти ҳажми 30 фоизга ортди, Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар импорти ҳажми 25 фоизга ўсди. Бу эса Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти савдо учун барча имкониятларни очиқ қилиб қўйгани ва тўсиқларни олиб ташлагани эвазигадир», дея қайд этган Назарбоев.