Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида "Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш: оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солишга оид қонунчиликни такомиллаштириш" мавзуида семинар ташкил этилди. Бу ҳақида ЎзАда хабар берилди. 

Қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари, ахборот соҳаси бўйича олимлар ҳамда мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Отамуродов, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев ва бошқалар мустақиллик йилларида ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, ўтган даврда соҳага оид 10 дан ортиқ қонун қабул килиниб, амалиётга самарали татбиқ этиб келинаётганини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган "Журналистик фаолиятни ҳимоя килиш тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ҳамда "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳалари муҳокама этилди. 

Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ҳақида жамоатчиликни тезкор ва ишончли ахборотлар билан таъминлаш жараёнида миллий оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш истиқболлари хусусида сўз юритилди.

"Оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ролини ошириш, журналистик фаолиятни ҳимоя килиш масалалари Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш жараёнидаги устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаев. – Бугун муҳокама этилган қонун лойиҳаларининг қабул қилиниши оммавий ахборот воситалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини белгилаб беради, оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг жамоат назоратини амалга оширишдаги ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Соҳанинг эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, жамоатчилик назоратини кучайтиришда биз, депутатлар зиммасига ҳам улкан вазифалар юклайди". 

Шунингдек, кўриб чиқилаётган мазкур ҳужжатлар лойиҳаларининг жамиятимиз ҳаётини янада демократлаштириш жараёнида, ахборот соҳасини ислоҳ қилишда, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашдаги ўрни муҳим эканлиги қайд этилди.