Қозоғистон пойтахти Остонада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон миллий саноати кўргазмаси бўлиб ўтди. 

Кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг 100 дан кўпроқ компанияси ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим қилдилар.

Кўргазмага ташриф буюрганлар Ўзбекистоннинг савдо, иқтисодиёт соҳаларидаги имкониятлари ва салоҳиятлари, бизнесни юритиш учун яратилган шароитлар ҳамда кичик ва хусусий бизнес субъектларининг экспорт салоҳиятини оширишга ва экспорт фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар билан танишишди. 

Ўзбекистон вакиллари кўргазма доирасида Қозоғистонга 24 млн доллардан кўпроқ қийматга тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат, мебель ва қурилиш маҳсулотларининг етказилиши бўйича 20 га яқин экспорт келишувларини имзолашди.  

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томондан "Kazakhexport" экспорт суғурта компанияси" АЖ, "KAZNEX INVEST" экспорт ва инвестициялар миллий агентлиги" АЖ, "Союзплодовощ" халқаро уюшмаси ва Қозоғистон савдо корхоналари ассоциацияси каби ташкилотлар билан ҳамфикрлик ҳақидаги меморандумлар имзоланди.

Ушбу ҳужжатларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни Ўзбекистон маҳсулотларини Қозоғистон бозорига етказиш, Ўзбекистонда қўшма корхоналар ташкил этиш ва уларнинг устав капиталида иштирок этиш, лойиҳаларни молиялаштириш, биргаликдаги бизнес-анжуманлар, кооперацион биржа ва бошқа тадбирларни ўтказиш, кўргазма ва ярмаркалардаги иштирокни ташкиллаштириш, ишончли ҳамкорларни излаш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш йўли билан янада фаоллаштириш кўзда тутилган.