Ўзбекистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳамроҳлигида «Назарбоев университети» ва MEGA Silk Way савдо марказини бориб кўрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Университетга илк талабалар 2010 йилда қабул қилинган. Унинг таркибида 8 мактаб, бир марказ ва кутубхона бор. Таълим халқаро андозалар асосида олиб борилади. Ҳар йили 440дан ортиқ бакалавр ва 170дан зиёд магистр кадрлар тайёрланади. 

Ўзбекистон раҳбари университетнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қўйди. 

MEGA Silk Way савдо марказида савдо дўконлари, спорт ва кўнгилочар шохобчалар, турли офислар жойлашган. Ушбу марказ шу йил 10 июндан 10 августгача Остона шаҳрида ўтказиладиган «ЭКСПО – 2017» халқаро кўргазмасига мезбонлик қиладиган меъморий ансамблнинг муҳим қисми ҳисобланади. 

Бу ерда ўзбек ва қозоқ халқларининг ашула ва рақслари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари намойиш этилди. 

Президентлар «ЭКСПО – 2017» халқаро кўргазма майдонининг «Нур олам» павильонига ташриф буюришди. 

Шавкат Мирзиёев «ЭКСПО – 2017» ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаси мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва корхоналари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли келишувларга эришиш йўлида муҳим тадбир бўлишини таъкидлади. 

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди. 

Шу билан Ўзбекистон президентининг Остонага ташрифи якунланди, Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев кузатиб қўйди.