Toyota компанияси Sienna минивэнини янгилади, у апрель ойида Нью-Йоркда ташкиллаштириладиган автошоуда тақдим этилади. Модель ташқи қиёфаси бироз ўзгарди, шунингдек янги хусусиятларга эга бўлди.

Янгиланган вэннинг ташқи қисми кузовнинг олди билан ажралиб туради, у ерда капот, радиатор панжараси ҳамда бампер ўзгартирилди. Шу билан бирга, ранглар сони ҳам уч вариантга кўпайди.

Янгиликнинг яна бир ўзига хос жиҳати – кўп қатламли олд ойна ҳамда хавфсизлик ва ҳайдовчига ёрдам тизимидир. У пиёдаларни фарқлаш, йўл қисми назорати ва узоқ чироқни автоматик равишда ўчириб-ёқиш функцияларига ҳам эга.

Шунингдек қўшимча ҳақ эвазига вэнни навигацияга эга Entune 3.0 мультимедиа мажмуаси, Wi-Fi кириш нуқтаси ва JBL аудиотизими билан жиҳозлаш ҳам мумкин. Бундан ташқари, орқадаги йўловчилар учун 4,2 дюймли дисплей таклиф этилади, салондаги USB-портлар умумий сони эса бештани ташкил этади.

Мотордаги ўзгаришлар ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Янгиланмаган модель АҚШда фақатгина 3,5 литрли 296 от кучига эга V6 ва саккиз поғонали автомат билан таклиф этилади. 2018 Sienna сотувлари 2017 йилнинг кузидан бошланади.