АҚШ президенти Дональд Трамп инаугурациясидан кейин собиқ президент Барак Обама билан бирор марта сўзлашмади, деб хабар бермоқда манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Hill нашри.

АҚШнинг амалдаги ва собиқ президентларининг охирги учрашуви Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан 2 кундан кейин бўлиб ўтган ва режалаштирилган 10-15 дақиқа ўрнига 1,5 соат давом этган. Учрашувда Трамп ўз президентлиги вақтида Обамадан маслаҳат сўраб туришини айтганди.

Нашр маълумотларига кўра, Трамп томондан Обама билан мулоқот қилишга ягона уриниш январь ойи охирида амалга оширилган. У Обамага қўнғироқ қилганда, собиқ президент самолётда кетаётгани сабабли жавоб бера олмаган. Кейинроқ Обама ўз ёрдамчисига Трампга қўнғироқ қилишни буюрган. Қўнғироққа Трамп ёрдамчиси жавоб берган ва Обамага у Трампга Овал хонадаги Резолют столида қолдирган илиқ мактуби учун Трампнинг миннатдорчилигини билдириб қўйишни айтган.   

Трамп сайловолди кампанияси вақтида Обаманинг сиёсатидан тубдан фарқланувчи бир қатор фикрларни айтган. Жумладан, Трамп Қримнинг Россия ҳудуди деб тан олиниши ва Россия билан муносабатларнинг яхшиланиши мумкинлигини айтган. Трамп, шунингдек, АҚШнинг хориждаги турли низоли вазиятлар ва "тузумларни ўзгартириш"га аралашувига норозилик билдирган ва Обама ички сиёсатининг асосий йўналишларини танқид қилган. Трамп президент бўлгач ҳам Обамани танқид қилишдан тўхтамаган.