Сирдарё вилояти, Гулистон тумани «Ишонч» маҳалласида яшовчи фуқаро Малика Нуритдинова «Ўзсаноатқурилишбанк» тақдим этган кредит асосида ўз бизнес лойиҳасини ҳаётга татбиқ этди.

«Ўз уйида оиласи билан тадбиркорлик қилаётганлар ҳақида телевизорда кўрсатишганда уларга ҳавас қилардим. Тўғри-да, ишидан ажралмай, ҳовлисининг бир томонига экин-текин қилса, бундан ҳам жамият, ҳам тадбиркорнинг ўзи фойда кўради. Шундай оилавий тадбиркорлар ҳақидаги кўрсатувларни томоша қилганимда ҳар доим бўш турган еримиз хаёлимга келар, шу жойга иссиқхона қуришни ўйлардим.

Ҳамма ишнинг ўз тартиб-қоидаси бўлгандай, тадбиркорликнинг ҳам ўз йўл-йўриғи бор. Ишни нимадан бошлаб, қандай давом эттиришни билиш керак.

Токи  «Ўзсаноатқурилишбанк» ходимлари эшигимни тақиллатиб келишмагунча, режаларим режалигича қолаётган эди.

Банк вакиллари бугун мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг яшаш шароити, ҳаётий эҳтиёж ва муаммолари обдон ўрганилаётгани, керак бўлса, ёрдам берилаётгани, оддий аҳолини тадбиркор қилиш бўйича мақсадли тадбирлар ташкил этилаётгани тўғрисида гапириб беришди. Фикримни сўрашди. Анчадан буён иссиқхона қуришни ўйлаб юрганим, лекин ишни нимадан бошлашни билмаётганимни айтдим. Улар хўжалигимдаги бўш ерни кўргач, режам айни мос тушишини билдиришиб, иссиқхонани  «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан ажратилган кредит асосида қуришим мумкинлигини такидлашганида, қанчалар хурсанд бўлганимни тасаввур қила олмайсиз. Эҳтиёждан келиб чиқиб, банк менга 15 миллион сўм маблағ ажратди. Ҳозир оиламиз билан қўшимча даромад олаяпмиз. 

Маҳалла-кўйга ҳам бунинг нафи тегаяпти. Энди оилам билан тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш йўлида бор салоҳиятимизни ишга соламиз. Бизни қўллаб-қувватлаган  «Ўзсаноатқурилишбанк» кўмагидан миннатдормиз!», дея ёзган у.