ЖАР президенти Жейкоб Зума апартеид режими қулаганидан кейин 23 йил ўтган бўлса-да, мамлакатда ҳали-ҳануз ирқчилик белгилари мавжудлигини тан олди ва бунга қарши қонуний кураш олиб бориш нияти ҳақида маълум қилди. ТАСС агентлиги шу ҳақида хабар берди

"Афсуски, ирқчилик мафкураси бизнинг жамиятимиздаги баъзи одамлар орасида мустаҳкам ўрнашиб олган. У инсон ҳуқуқлари бузилишининг энг жирканч кўринишини намоён этади", - деди у ЖАРдаги Инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган тадбирда. 

"Қора танли фуқаролар бошқа ирқий гуруҳлар билан тенглигини ҳис қилиши керак. Улар ўзларининг иккинчи даражали эмас эканликларини англаган ҳамда оқ танлилар ўзларини энг юқори ирқ вакиллари деб ҳисобламаган тақдирдагина  ҳақиқий эркинликка эришилади", - деди Зума ва умуман олганда жанубий африкаликлар ирқчиликни қоралашларини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, адлия вазирлиги ирқчиликка қарши миллий режа устида ишларини якунламоқда. Шунингдек ирчиликка оид баёнотларга йўл қўйилмаслиги учун махсус қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. 

Миллий конгресснинг ЖАРда ҳукмронлик қилаётган Ёшлар лигаси  ҳукуматни ирқчилик кўринишлари учун 10 йилдан кам бўлмаган муддат белгилашга чақирди. 

Бундан ташқари, Зума қора танли аҳоли орасида ишбилармонликни ривожлантиришни кўзда тутувчи иқтисодий ўзгаришларга чорлади. 

ЖАРда апартеид режими қулаганидан кейин ҳам аҳолининг 8 фоизини ташкил қилувчи оқ танлилар бизнесда устунлик қилишда давом этишмоқда. Уларнинг хўжаликлари даромадлари қора танлилар киримларидан беш карра кўпдир. Қишлоқ хўжалигида ҳам оқ танли фермерлар устунлик қилиб келмоқда. 

Унинг таъкидлашича, Йоханнесбург фонд биржасида рўйхатдан ўтган компанияларнинг атиги 10 фоизигина қора танли кишиларга тегишли. Фирмалар бошқарувидаги оқ танли менежерлар 72 фоизни ташкил қилади. "Бундай адолатсиз вазиятни ўзгартириш керак", - деди президент.