Америка давлатлари ташкилотига (АДТ) кирувчи 14 та давлат ҳукумати Венесуэланинг иттифоқдаги аъзолигини тўхтатиш таклифини барвақт билдирилган деб ҳисобламоқдалар. Бу ҳақда Аргентинанинг ташқи ва дин ишлари бўйича вазирлигининг қўшма баёнотида айтилган.

"Биз АДТ бош котибининг Венесуэла бўйича маърузасини олдик. Биз ташкилот ичидаги ҳаракатлар режаси бўйича келишиб олиш учун бу ҳужжатни синчковлик билан ўрганмоқдамиз. Бунга қарамасдан, биз Венесуэланинг иттифоқда аъзолигини тўхтатишни охирги чора деб баҳолаймиз ва бу қарор маълум вақт ичида барча дипломатик саъй-ҳаракатлар фойда бермагандан кейин қабул қилиниши керак", дейилган ҳужжатда.

Шу билан бирга ҳужжатда Аргентина, Бразилия, Канада, Чили, Колумбия, Коста-Рика, АҚШ, Гватемала, Гондурас, Мексика, Панама, Парагвай, Перу ва Уругвай ҳукуматлари "қардош Венесуэла бошидан кечираётган вазиятдан чуқур хавотирда эканликлари" айтилган. Бу давлатлар ҳукуматлари Венесуэладан "сиёсий маҳбусларни озод қилиш", "Миллий ассамблея қарорларининг қонунийлигини тан олиш" ҳамда сайловлар ўтказилиши муддатларини белгилашни талаб қилишмоқда.

Ўтган ҳафтада АДТ бош котиби Луис Альмагро Венесуэлада қисқа муддатларда умумий сайловлар ўтказилмаса, мамлакатнинг ташкилотдаги аъзолиги тўхтатилишига чақирганди.

2015 йил декабрда парламент сайловларида "Демократик бирлик блоки" мухолифат партияси ютгандан кейин Венесуэла кескин сиёсий инқирозни бошдан кечирмоқда.

2017 йил январь бошида Венесуэла парламенти мамлакат президенти Николас Мадуронинг "истеъфога кетиши ҳақидаги" резолюцияни қабул қилганди. Бироқ мамлакат олий суди бу ҳужжатни ноқонуний деб топган. Шу ойнинг охирида "Демократик бирлик блоки" ҳукуматни аввал эришилган келишувларни бажармасликда айблаб, у билан батамом мулоқот қилишни тўхтатишини маълум қилган.