Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов 28 март куни Москвада Россия Федерацияси бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашув ўтказади. Бу ҳақда Россия ҳукуматидаги манбага асосланган ҳолда РИА Новости агентлиги хабар берган.

Хабарда айтилишича, ҳукумат раҳбарлари икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамкорлиги масаласини муҳокама қилишади.

Вазирлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик, энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт ва қишлоқ хўжалиги, шунингдек, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россияга давлат ташрифи билан боради.