2017 йил 24 март куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен Қарши шаҳрида жойлашган Қашқадарё вилоят сил касалликлари диспансерига ташриф буюрди. Элчи хонимнинг ташрифи 24 март - Бутунжаҳон сил касаллигига қарши кураш кунини нишонлаш мақсадида ташкил этилди. 

Ушбу санада ҳар йили дунё бўйлаб сил касаллигининг жамоат соғлиғига таъсири, унинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда сил касаллиги билан боғлиқ бўлган стигма ва камситиш каби ҳолатларни камайтиришга бағишлаб турли тадбирлар ўтказилади.

Ташриф давомида Спратлен хоним диспансер шифокорлари, ҳамширалари, Сил касаллигига чалинган беморлар мактаби ҳамда беморларни қўллаб-қувватлаш гуруҳи ходимлари билан учрашди. Элчи хоним, шунингдек, USAID томонидан беморлар ва уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлаш борасида уюштирилган машғулотларда малака оширган жамоа етакчилари билан ҳам суҳбатлашди.

Ёрдам дастурлари орқали Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сил касаллигига барҳам бериш стратегиясини амалга ошириш мақсадида АҚШ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. 

Ташкилотнинг маълумотига кўра, дунё бўйлаб 10 миллиондан ортиқ одам сил касаллигидан азият чекади. Сил касаллигининг олдини олиш имкони ҳамда давоси бор бўлса-да, ҳар йили 2 миллионга яқин одам ушбу касаллик туфайли оламдан ўтади. Ушбу касалликнинг олдини олиш ҳамда даволаш ҳақида аҳоли ўртасида етарли маълумот йўқлиги сил касаллигининг тарқалиб кетишини асосий сабабидан бирига айланмоқда. 

Бутунжаҳон сил касаллигига қарши кураш кунига бағишланган ташриф Қашқадарё вилоят сил касалликлари диспансери бош шифокори Тўлқин Ашуров томонидан ташкил этилди. 3 миллион аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган ушбу диспансерга USAIDга қарашли силни назорат қилиш дастури орқали техник ёрдам топширилди. 2015 йилдан буён бу дастур Ўзбекистоннинг тўрт вилоятида сил касаллиги тарқалишини бартараф этиб келмоқда.