Американинг Apple корпорацияси ва VimpelCom'нинг Ўзбекистонда Beeline бренди остида ишловчи Unitel шўъбаси уяли алоқа оператори абонентларига LTE тармоғи имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш имконини берадиган келишув имзолашни режалаштирмоқда, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.

Компаниядаги манбанинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда фойдаланиладиган 850 МГц частотаси дунёда унчалик кенг тарқалмаганлиги боис Apple корпорацияси ўз смартфонларида ушбу частотадан фойдаланиш имкониятини очмаган.

"Биз Apple смартфонларида Ўзбекистондаги LTE тармоғи имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб бўлмаслигини сездик. Тўртинчи авлод тармоғининг ўзи 2600 МГц частотасида ишлайди. Биз Appleга мурожаат қилдик ва улар 850 МГц частотаси одатда ёпиқ ҳолда бўлишини, лекин уни дастурий таъминот орқали очиш мумкинлигини маълум қилишди. Бунинг учун корпорация Beeline томонидан маълум бир шартлар амалга оширилгач, дастурий таъминотни янгилайди", — деган компания вакили.

Apple ушбу масалада ижобий жавоб бериш учун Ўзбекистондаги Beeline тармоғи ҳудудларни қанчалик қамраб олгани, сигнал даражаси ва бошқа кўрсаткичларни текшириши лозим бўлади. Суҳбатдошнинг айтишича, томонлар бундан ўтиб бўлган ва келишув имзолаш босқичида турибди. Катта эҳтимолга кўра, келишув 2017 йилнинг биринчи ярмида имзоланиши мумкин.

"Фойдаланувчилар ҳеч қандай қўшимча нарса сотиб олмайдилар, шунчаки Apple дастурий таъминоти янгиланади. Фойдаланувчи буни ҳаттоки сезмайди ҳам", — деган манба.