"Формула-1"нинг навбатдаги мавсуми жума куни Австралиядаги биринчи босқич билан бошланади. Автоспорт ишқибозларини жорий йилда "Мерседес"га рақобатчи топилиши билан боғлиқ савол қизиқтирмоқда.

"Мерседес"нинг уч йиллик пешқадамлиги деярли барчанинг жонига тегди, десак муболаға бўлмайди. Британиялик Льюис Ҳэмилтонга рақобатчилар йўқ эди, бу ҳолатдаги ягона кучли спортчи, унинг жамоа бўйича шериги Нико Росберг эса ўз фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилиб бўлган.

Кўпчилик экспертларнинг фикрича, жорий йилда вазият ўзгариши мумкин. Улар "Феррари" пилотлари Кими Райкконен ва Себастьян Феттелни алоҳида тилга олиб ўтишган, шунингдек "Ред Булл" ҳам ғалаба учун жиддий кураш олиб бориши мумкин.

Синов пойгалари вақтида "Феррари" ҳам, "Ред Булл" ҳам Renault куч қурилмаси сабабли анча кучли кўринди. 

Бундан ташқари, кўп йиллар ичида илк бора Берни Экклстоун “парадга бошчилик қилмайди”. Хўжайинлар ўзгарганидан сўнг америкалик Чейз Кэри чемпионат ижрочи директори бўлди. Экклстоуннинг ўзи эса воқеалар бундай ривожланиб кетганидан ҳайратда эканини яширмади.  

"Мен бугун ишдан бўшатилдим. Шунчаки кетмоқдаман. Бу расман. Менинг янги лавозимим? Бу ўзига хос фахрий президентлик. Энди офисдаги кунларим анча хотиржам кечади", - дея маълум қилди “Формула-1”га ўтган асрнинг 70-йилларидан раҳбарлик қилиб келган Экклстоун.

Тарихдаги биринчи Австралия Гран-при эркин амалиётлари Мельбурнда бугун, жума куни бўлиб ўтади. Учинчи эркин амалиёт 25 март куни ўтказилади, ундан сўнг саралаш баҳслари белгиланган. Пойга эса 26 март куни бўлиб ўтади.