Tribuna.uz сайтида журналист Элмурод Эрматовнинг «Номсиз мақола» номли мақоласи нашр қилинди. Ушбу мақола тўлиғича келтирилади.

Номсиз мақола

Журналистикада: “Мақоланинг 50 фоиз кучи сарлавҳада” деган ибора бор. Адади бир неча миллионларни ташкил этувчи “Аргументы и факты” нашрида тайёрланган ҳар бир материалга муштарийлар диққатини тортадиган сарлавҳа топиш учун 30 нафар ходим банд. 

Кечаги беўхшов мағлубиятдан сўнг ишқибозлар туни билан телефон қилавериб, ҳалак қилишди. “Ака, дардимизни ёзинг!”, “Нега Рашидов тушмади?”, “Қачонгача ютқазаверамиз?” каби саволлар билан мурожаат қилган самимий мухлислар дардини тинглаб, клавиатура қитирлатишга тушдим. Мақола сарлавҳаси ҳақида ўйланиб ҳам ўтиришнинг кераги йўқ. Чунки, юртимизда энг серғайрат бўлган спорт мухбирлари аллақачон “гулдек” ибораларнинг барини ишлатиб бўлишган. Кейин Сурия билан ўйин учун сарлавҳа тўқиб нима қилдим. Арзимайди, ҳам.  

Галиулин, Марков менга қариндошми?
Бош мураббиймизга: “Нега Вагизни термага олмаяпсиз?” деб кўп марта савол берганман. У менга “Унинг ўйини менинг ўйин фалсафамга тўғри келмайди” деб жавоб қайтарганди. Э-э, фалсафангдан ўргилдим... 

Ахборот ўрнида айтиб қўймоқчиман, бундан беш йилча олдин мухлислар Санжар Турсуновнинг термага олинишини талаб қилиб чиқишган ва натижа ижобий бўлганди. Афсус, энди Марковнинг ёши ўтиб қолди. У билан суҳбатлашганимда: “Чақиришса бор кучимни бериб ўйнардим” деб айтганига ҳам икки йил бўлибди. Кеча ўнг қанот ярим ҳимояси ишламади ҳисоб. Чунки, Денисов йўқ эди-да! Айнан Галиулин ўша нозик жойга роса керак бўлди. Витянинг қаноти кеча бўм-бўш турди десам ҳам бўлаверади.    

Афонинни олишди-ю... Бечорани “Пахтакор”нинг “тажрибали” ва “маҳоратли” ўйинчилари “рақобат”да синдиришди. Ҳадеб: “Мана бу ўйинчи термага керак!” деб ёзаверганимдан сўнг мени футболчиларни қариндоши бўлса керак деб ўйлаганлар ҳам бор. Достон Ҳамдамов аллақачон терма сафида асосийда тушиши керак. Югуради, тезлиги ҳам яхши. Юртимиздан чиққан ҳар бир маҳоратли футболчи мухлис ва журналистлар учун қондошдек гап.  Фақат ўйинчилар яхши кўришимизни билишмайди, чоғи. 

“Бабаян менчалик сиқилармикан?”
Кечаги ўйин олдидан мухлислар фикрини тўпладик. Мулоҳазалар деярли бир хил эди. “Ютамиз” деди ҳамма бирваракайига. Бироқ, биз ношудлар ўйинчилар фикрини сўрамабмиз. Улар ичида “Кўрамиз” деган экан.  Ярим тунда андижонлик Жамолдин  бува қўнғироқ қилади: “Ўғлим, тўғриси, ютқазганимизда Бабаян менчалик сиқилармикан?”. Ана сизга савол! Мураббий ўйинни 20 дақиқасида тили осилиб, тиззасини ушлаб қолган ўйинчиларни кўриб ичидан зил кетган бўлиши тайин. Яна билмадим... Тактикаси иш бермаганида, жамоа тўп назоратини қўлдан чиқариб югур-теп услубида бошвоқсиз ўйнаганида бироз бўлса ҳам сиқилгандир...    

Мураббийни ўзгартириш масаласи
Хўш, ўзимизда жамоани тортиб кетадиган, футболга доир янги тактика ва ғоялари билан қайнаб турадиган мураббий борми?.. Йўқ, менимча. Чет элдан чақирадиган бўлсак, ким келади? Ана сизга саволлар шодаси. Демьяненко “Насаф”ни бошқарганида Осиё футболида Лобановскийча услуб билан ном қозонганди. Балки, мана шу мураббий сингари савиядаги устозни олиб келиш керакдир?

Менимча, МТЖ мағлубиятлари сабабини болалар футболидан излаш керак! Тизимни ислоҳ қилиш пайти келди. Европа болалар футболи вакилларини ҳар бир вилоятга таклиф этиб, семинар-тренинг, маҳорат дарслари ташкил этиш фойдадан ҳоли эмас.

Хулоса
Бесарлавҳа мақоламни бетактика ўйин кўрсатган терма жамоамизга бағишлаб ёзишга жазм қилганча, шуни айтмоқчиман: кеча Сурия кучли ўйнамади, балки, биз кучсиз ўйин кўрсатдик. Бундай савиясиз ўйин билан мундиални орзу қилманг, мухлислар! Жаҳон чемпионатларида биз Осиёда кучли санаган – Эрон, Корея ва Япония доим гуруҳда очко улашиб қайтади. Айни пайтдаги МТЖ билан жаҳон чемпионатига бориш… 

P.S. Мабодо, кейинги ўйинда Бабаян йигитлари  Қатар устидан ғалаба қозонса ҳам ўз фикримда қоламан.