Россиянинг ЮКОС компанияси собиқ раҳбари Михаил Ходорковский Süddeutsche Zeitung немис нашрига берган интервьюсида Россия президенти Владимир Путин 2024 йилгача ўз лавозимидан кетишни ўйлаётгани ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри хабар бермоқда

"Менда Путин шахсий қарашларига кўра 2024 йилгача истеъфога кетишни ўйлаётгани ҳақида таассурот бор. У ҳозир буни аниқлаштириб олиши керак. Бунда ўринбосарнинг илгари сурилиши муҳим қадам бўлади. Бу хавфсиз эмас ва у бунга ботина оладими-йўқми, билмайман", деб айтган Ходорковский.

Ходорковский ўзининг кейинги мақсади Россияда ҳуқуқий давлат яратиш эканлигини айтди. "Мен ҳали бунгача яшайман", деб қўшимча қилган Ходорковский.

2013 йил 20 декабрда Владимир Путин Михаил Ходорковскийни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолаганди. Шу куниёқ Ходорковский Карелиядаги колониядан Санкт-Петербургга олиб чиқилган. Сўнгра у Берлинга учиб кетиб, у ерда матбуот-анжуман ўтказган.

Дастлаб у сиёсатдан четда юришни режалаштирган, бироқ 2014 йил кузида Россияда ижтимоий ислоҳотлар амалга ошириш кераклиги ҳақида гапира бошлаган.