“Microsoft” компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларига ўзининг лицензияли дастурий таъминот ҳамда ишланмаларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратди. Бу ҳақда университет расмий сайтида маълум қилинган.

“Microsoft” компанияси вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) маъмуриятига “Microsoft Imagine”нинг 700 дона ваучерини топширди.

“Microsoft Imagine” (аввалги номи DreamSpark) ёрдамида IUT талабаларига “Windows” операцион тизимидан, “Microsoft Azure”, “Visual Studio”, “SQL Server”, “Xamarin” ва бошқа дастурий таъминотлардан бепул фойдаланиш имконияти яратилди.

Шунингдек, “Microsoft Imagine” дастури амалий машғулотларга ҳам йўл очади, унинг ёрдамида талабалар ўзларининг малакаларини ошириб олишлари мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, “Microsoft” компанияси мана уч йилдирки, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари учун ўзининг ечимларидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этмоқда.