Китоб тумани Санам кўчасида истиқомат қилувчи Содиқжон Рамазонов (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) Россия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, жорий йилнинг февраль ойида юртимизга қайтди. Қарши халқаро аэропортида унинг ўзи ва юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли планшет хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 20 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар ҳамда 144 дона фотосуратлар борлиги аниқланди, деб хабар бермоқда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Энг қизиғи, Содиқжон ушбу планшетни ўғли учун совға сифатида олганини айтди. Ҳайрон қоласан киши: совға олиб келингани яхши, бироқ унинг ичидаги нопок тасвирлар-чи?! Содиқжон Рамазонов уларни кимга "туҳфа" этмоқчи эди?!

Яна бир ҳолатда ушбу халқаро аэропортда парвозини якунлаган Қарши шаҳар Пахтазор маҳалласида истиқомат қилувчи Азамат Қурбоновнинг қўл юклари унинг ўзи томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли уяли телефон хотирасида ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 255 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар ҳамда               135 дона фотосуратлар борлиги маълум бўлди. Ушбу ҳолат бўйича Азаматдан телефон хотирасида аниқланган нопок лавҳалар қаердан пайдо бўлганлиги сўралганда, унинг яқин дўсти томонидан телефон хотирасига жойлаштирилганлигини ва бу ҳолатда гуёки ўзининг айби йўқ эканлигини маълум қилди. 

Якунда фуқаролар Содиқжон Рамазонов ҳамда Азамат Қурбоновларга нисбатан Қарши шаҳар Жиноят ишлари бўйича судининг қарорлари билан мос равишда 1 048 425 сўм ҳамда 449 325 сўмдан жарима жазолари тайинланди. Далилий ашё сифатида олинган планшет ва қўл телефонлари, нопок лавҳа ва фотосуратлардан тозаланиб, давлат эгалигига ўтказилди.

Фуқаролар шуни билиб олишлари керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги "Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, порнографик мазмундаги маҳсулотларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш тақиқланган.

Шунингдек, 2012 йил 12 апрелдаги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, унга мувофиқ порнографик ҳамда зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш каби ҳаракатлар учун жазо чоралари кескин оширилган.

Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига кўра, порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш - бундай маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор  шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 130-моддасига биноан энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ, ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб қилиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.