MAN Auto-Uzbekistan Ўзбекистон-Германия корхонаси 2017 йилда сиқилган табиий газ (метанда) ишловчи автобусларни йиға бошлайди. У Тошкент автопаркларига мўлжалланган бўлади. «Янги экологик тоза MAN автобуслари MAN Auto-Uzbekistan ишлаб чиқариш майдончасида автопаркларни метанли автобусларга босқичма-босқич ўтказиш дастури доирасида чиқарилади», - дея аниқлик киритди РИА Новости суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентда 2015 йилнинг баҳоридан метанда ишловчи MAN автобуслари турли йўналишларда синовдан ўтказилмоқда.

2016 йилнинг декабрида бундай машиналарнинг биринчи бештаси Самарқанддаги ҚКда йиғилди. Ўзбекистон ҳукумати қарорига кўра, “Тошшаҳартранссервис” автопарклари 2017-2019 йилларда 320та “газли” 12 метрли MAN автобусларини харид қилади. Улар MAN Auto-Uzbekistan’да йиғилади, дея хабар берган агентлик суҳбатдоши.

MAN Auto-Uzbekistan 2017 йилда автобус парклари ҳудудида техник хизмат кўрсатиш бўйича сервис марказларини ҳам очади. Шунингдек газ тўлатувчи компрессорли станциялар қурилади. Автобусларни харид қилиш Ўзбекистон тижорат банклари ҳамда лизинг компаниялари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Маълумот учун, “Тошшаҳартранссервис” таркибига кирувчи корхоналар ҳар куни 1,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатади. Компания автобус паркида 600та Mercedes-Benz автобуслари ҳамда 680дан ортиқ Isuzu автобуслари бор.

2009 йилнинг августида эса “Ўзавтосаноат” АЖ ва МAN Nutzfahrzeuge устав капитали 3 миллион евро бўлган MAN Auto Uzbekistan қўшма корхонасини ташкил этишди. Ўзбекистонга қўшма корхонанинг 51 фоизи, Германияга эса 49 фоизи тегишли. ҚК лойиҳа қуввати – йилига 5 минг юк машинаси.