Porsche компанияси ўз ходимларига 9111 евро миқдорида мукофот пули тўлаш ҳақида эълон қилди. Бонус 21 минг кишига берилади. Porsche 2016 йилдаги фаолиятнинг муваффақиятли натижаларини шу тариқа нишонламоқда. "Motor" ушбу мавзуга доир маълумот билан бўлишди. 

2016 йилда компания сотувлар бўйича янги рекорд ўрнатди - 2015 йилги савдо ҳажми 6 фоизга ошиб, 237 778 машинани ташкил қилди. Porsche'нинг даромади 22,3 миллиард еврога (+4 фоизга) ўсди. Операцион фойда 14 фоизга (3,9 миллиард еврога) ошди. 

2016 йил охирига келиб, Porsche'нинг штати ҳам 13 фоизга, 27 612 кишига кенгайди. 

Бу марка раҳбариятидан ходимларга жорий қилинган биринчи бонус эмас. Компания 2016 йилда ҳам ишчиларга (15,6 минг киши) 9 минг еврога яқин бонус тўлаган. Ўшанда компания 2015 йил унинг тарихидаги энг муваффақиятли йил бўлганини таъкидлаган эди, зеро фирма илк марта бир йилда 200 минг автомобилни сотишга муваффақ бўлганди. 

2015 йилда немис маркаси ўзининг ҳар бир ишчисига қўшимча 8,6 минг евро тўлаган, 2014 йилда эса йиллик мукофот пули ҳажми 8,2 минг еврони ташкил қилган.