АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни Жанубий Суданга нисбатан санкцияларни бир йилга узайтирди.

"Жанубий Судан ва унинг атрофидаги вазият АҚШ миллий хавфсизлиги ҳамда ташқи сиёсатига фавқулодда хавф солишда давом этмоқда", - дейилади Трамп томонидан имзоланган ҳужжатда. У Оқ уй матбуот хизмати томонидан тақдим этилди. Оқ уй раҳбари “2014 йилнинг 3 апрелида эълон қилинган санкциялар режимини 2017 йил 3 апрелидан сўнг узайтириш” лозимлигини таъкидлаб ўтган. "Шунинг учун мен бу ҳолат бўйича ижро фармони ҳаракатини бир йилга узайтирмоқдаман", - дея маълум қилди Трамп.

Трампнинг АҚШ конгрессига йўллаган мактубида таъкидланишича, “Жанубий Судан ва унинг атрофидаги вазият ушбу мамлакат ҳамда бутун минтақа тинчлиги, хавфсизлиги ва барқарорлигига хавф солувчи ҳаракатлар билан боғлиқ”. Хусусан, у ерда айтилишича, бу “зўравонлик ва қотиллик, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, болалардан аскарлар сифатида фойдаланиш, тинчликпарварлар ҳамда гуманитар миссияларга ҳужум қилиш, гуманитар амалиётлар ўтказишга халақит бериш”га тегишли.