Германияда бошпана топишни истаган кўплаб қочқинларнинг фарзандлари ҳанузгача хавфсиз бўлмаган ерларда яшашига тўғри келмоқда. Уларнинг айримлари таълим ва қониқарли тиббий ёрдам олмайди. Бу ҳақида   ЮНИСЕФ 21 март куни эълон қилинган тадқиқоти баёнотида маълум қилди.

ЮНИСЕФ тадқиқоти доирасида 2015 йилдан буён Германияда қочқин сифатида кун кўраётган 350 минг болалар ва ўсмирлар ҳаёти ўрганилди. Уларнинг кўп қисми ойлаб ва йиллаб зўравонлик, қонунбузарликнинг гувоҳига айланадиган қўрқинчли масканларда  яшаб келмоқда.  
Болаларнинг учдан бир қисминигина мактаб ва боғчага боришга имкони бор. Уларнинг тиббий ёрдам олишга ҳуқуқи бўлса-да, сурункали касалликлар ва психологик муаммолар юзага келган ҳолатларда уларга немис болалари каби доимий тиббий назорат кўрсатилмайди, деб хабар беради ЮНИСЕФ.

«Ўз она юртини йўқотган болалар зудлик билан нормал ҳаётга қайтиши лозим», — дейди ЮНИСЕФ-Германия директори Кристьян Шнайдер. «Болалар, авваламбор, болалар, қочқин ёки муҳожирлар эмас», — дея қўшимча қилди у.