Россия Давлат думасининг собиқ депутати Денис Вороненковнинг Киевда ўлдириб кетилиши акс этган видео YouTube порталига жойлаштирилди.

Бу қотиллик шаҳарнинг гавжум ҳудудида содир этилган. Ҳодиса чорраҳадаги бир қанча камералар объектига тушган.

23 март куни Вороненков Киев марказида, «Премьер-палас» меҳмонхонаси олдида отиб кетилди. Унинг ёнидаги тан соқчи қотилга ўқ узган, натижада бошидан жароҳатланган қотил шифохонада жон берган. Соқчи ҳам жароҳатланган, аммо омон қолган.

Украина президенти Петро Порошенко бу қотилликни «Россия томонидан амалга оширилган теракт» деб атади.

Вороненков Украинага 2016 йили, Россия парламенти депутати ваколатларидан маҳрум бўлишидан аввал кўчиб ўтган эди. Россияда у бизнесни рейдерлик йўли билан эгаллаб олиш иши бўйича айбланаётган эди. Киевда Вороненков давлатга хиёнат иши бўйича кўрсатма берган эди, мазкур иш бўйича Украина собиқ президенти Виктор Янукович айбланмоқда.

Киевда Россия давлат думаси собиқ депутати Денис Вороненков ўлдирилди