Маълумки, жорий йил 15 март санасидан Тошкент шаҳрининг 115 та чорраҳасига ўрнатилган кузатув камералари йўл ҳаракат қоидаларини бузган транспорт воситаларини қайд этишни бошлади.   

Табиийки, бу ҳайдовчидан янада хушёрлик ва зийраклик, йўл ҳаракатига қоидаларига аъло даражада амал қилишни талаб этади. Йўқса, манзилингизга келаётган жарималар тинкангизни қуритади. Кузатув камераларининг биринчи иш кунида 8 500 дан зиёд қоидабузарликлар аниқланган бўлса, иккинчи кундаги кўрсаткич 6 400 га тушди. Демак, кўзланган натижага эришилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, 22 март куни камералар томонидан бир кунда 2 минг атрофида қоидабузарлик қайд қилинган, ЙТҲлар сони ҳам кескин камайган. 

Бироқ, ҳайдовчиларимизда кузатув камералари билан боғлиқ саволлар ҳамон баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кун.uz таҳририяти Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига ушбу мавзу юзасидан мурожаат қилди ва бир қанча саволларга аниқлик киритди. Шу билан бирга, кузатув камераларини бошқариш маркази билан ҳам батафсил танишди.

Марказда иш қизғин. 24 соат мобайнида нафақат транспорт воситаларининг ҳаракати, балки шаҳримизнинг тинчлиги ва осойишталиги учун ҳам кўчалар доимий кузатувда. 

Бугун ушбу видеокамералар юзасидан турли саволлар туғилмоқда. Саросимага хожат йўқ. Марҳамат, ишонч телефонига қўнғироқ қилинг. Барча саволларингизга батафсил жавоб оласиз. Агар техник сабабларга кўра, нотўғри жарима ёзилган бўлса, сизга ёзилган жарима бекор қилинади. 

Жарима тўлаш, ортиқча чиқим ҳеч кимга ёқмайди. Аммо, қонун-қоидаларга амал қилиш шарт ва мажбурий. Бунга амал қилмаганлар эса жазоланади. Унутманг, камераларнинг ўрнатилишидан мақсад жарима тўлатиш эмас, балки йўл-траспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини тартибга солиш ҳамда мамлакатимиз тинчлигини асрашдир.