23 март куни 2018 йилги жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичидаги Осиё жамоалари 6-тур ўйинларида майдонга тушди.

«А» гуруҳи

«А» гуруҳидаги ҳар уч учрашувда 1:0 ҳисоблари қайд этилди. Аввалига Хитой Жанубий Кореяни ўз майдонида енгди, бу ўйиндан ярим соат кейин тугаган Сурия ва Ўзбекистон баҳси мезбон мақомидаги сурияликлар ғалабаси билан якунланди, учинчи беллашувда Эрон Қатар майдонидан 3 очко билан қайтди.

Эндиликда Эрон терма жамоаси ҳисобидаги очколар сони 14тага етди ва Кейруш шогирдлари Россия мундиалига яна бир қадам яқинлашди. 5 ўйинда минимал ҳисобда ғалаба қозониб, Сурия билан дуранг ўйнаган эронликларда 6 учрашувдан кейин тўплар нисбати 5:0.

Жанубий Корея Хитойга сафарда ютқазди ва терма жамоа 10 очкоси билан иккинчи ўринда қолмоқда. Марчелло Липпи билан икки ўйинда 4 очко олган Хитой эса 5 очко тўплаган ҳолда Қатардан олдинга ўтиб, бешинчи ўринга жойлашди.

Ўзбекистон кетма-кет муваффақиятсизликлардан кейин ЖЧ-2018 йўлланмасини деярли қўлдан чиқарди. Айни вақтда Самвел Бабаян жамоаси 9 очко билан учинчи ўринда жойлашган бўлсада, олдинда Хитой ва Эронга қарши сафар ўйинлари, Қатар ва Жанубий Кореяга қарши уй ўйинлари кутмоқда. Жамоа учинчи ўринни сақлаб қолсада, плей-оффнинг биринчи босқичида параллел гуруҳдаги учинчи ўрин эгаси билан ўйнашига тўғри келади. Бу эса катта эҳтимол билан Австралия бўлади.

7-тур ўйинлари 28 март куни бўлиб ўтади. Қатар Ўзбекистон билан ўйин учун Тошкентга ташриф буюради. Эрон эса Теҳронда Хитойни қабул қилади. Жанубий Корея ўз майдонида Сурия билан баҳслашади.

«B» гуруҳи

Австралия Ироққа сафар қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб қўйди. Бу «соккероуз» учун кетма-кет тўртинчи дуранг натижа ва жамоа 10 очко билан учинчи ўринга тушиб кетди. Ироқ эса гуруҳ аутсайдерларидан бири, ироқликлар атиги 4 очко билан бешинчи ўринда жойлашган.

Гуруҳда Япония ва Саудия Арабистони 13тадан очко жамғариб пешқадамга айланган.

5 турда БАА устидан 3:0 ҳисобида зафар қучган Саудия Арабистони бу турда Таиландни шу ҳисобда таслим қилди. Саудияликлар энди тўплар нисбатига кўра биринчи ўринда, Таиланд 1 очко билан сўнгги поғонада қолмоқда.

Япония биринчи даврада БААга ютқазганди, 5-турда 2:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди. Кунчиқар юрт вакиллари бу сафар ҳам мундиалдан қуруқ қолмаслиги ойдинлашмоқда.

Гуруҳда 28 март куни бўлиб ўтадиган 7-тур учрашувларидаги жуфтликлар шундай кўриниш олган: Австралия — БАА, Япония — Таиланд, Саудия — Ироқ.