Франциянинг Монпелье шаҳридаги ўт ўчириш бригадаси мамлакатдаги энг кекса фуқаролардан бири орзуси ушалишига ёрдам берди. Улар 112 ёшли аёлнинг туғилган кунида уни ўз машиналарида сайр қилдиришган, деб хабар бермоқда France Info телеканали.

Матильда Лартиг 1905 йилнинг 24 март куни туғилган. У мамлакатнинг энг кекса фуқаролари рўйхатида еттинчи ўринда қайд этилган. France Info’нинг таъкидлашича, кекса аёл ўз ҳаёти давомида 17та президент ва иккита жаҳон урушини кўрган, ҳайдовчилик гувоҳномасини олган биринчи аёллардан бирига айланди, бироқ шу кунга қадар фақатгина ёнғин хизмати машинасида ўтиришни орзу қилиб келган.

Лартиг айни дамда Монпельедаги қариялар уйида яшайди. Ёнғин бригадаси ходимлари бу ерга келиб, унга махсус торт совға қилишди ҳамда ўзлари билан сайрга таклиф этишган. Аёл кўчада ўт ўчириш машинасига ўтқазилган ҳамда шаҳар кўчалари бўйлаб олиб юрилган.