“Финикс” ҳимоячиси Девин Букер МБА доимий чемпионатининг “Бостон”га қарши кечган учрашувида 70 очко йиғишга муваффақ бўлди. 20 ёшли баскетболчи Ассоциация тарихида бу кўрсаткичга эришган энг ёш ўйинчига айланди.

“Финикс” якунда “Бостон”га 120:130 ҳисобида имкониятни бой берди. Девин Букердан аввал эса МБАдаги бир ўйин вақтида 70 ҳамда ундан кўпроқ очкони Уилт Чемберлен, Кобе Брайант (олти марта), Дэвид Томпсон, Элжин Бэйлор ва Дэвид Робинсон йиғишга муваффақ бўлган. Бу кўрсаткичга эришган сўнгги баскетболчи эса Брайнт бўлди, у 2006 йилда “Торонто”га қарши учрашувда 81 очко йиққан.

Букер эса “Бостон”га қарши ўйинда 40 уринишдан 21тасини аниқ амалга оширди, шунингдек ҳимоячи 24та жаримадан унумли фойдаланган. 

Америка ОАВ 20 ёшли баскетболчини МБАнинг беш карра ғолиби Коби Брайант билан тенглаштира бошлади. Ҳар икки спортчининг отаси аввал МБАда ўйнашган, улар драфтда 13-рақам остида танланган, Брайант ва Букернинг бўйи ҳам бир хил – 198 см. Ўтган йили эса Брайант Букерга “Афсонага айлан” ёзувли кроссовкаларни ҳадя қилганди.

Юқоридаги ўйиндан сўнг “Финикс” ўйинчилари худди беллашувда ғалаба қозонгандек байрам уюштиришди. “Ҳеч қачон мағлуб бўлган ўйиндан сўнг бунчалик қувонган баскетболчиларни кўрмаганман”, - дея ёзди “Бостон” ҳужумчиси Жей Краудер Instagram’да. Букер эса бунга шундай жавоб қайтарди: “Сен мени тўхтатиб қола олмайсан”.