Мексикадаги сафари-боғда сайёҳлар урғочи шернинг ёнидан автобусда ўтиб кетаётганларида ўзларига унинг эътиборини қаратдилар. Шер ўзи яшайдиган жой билан йўлни ажратиб турувчи, чуқурлиги бир неча метр келадиган ўра устидан сайёҳлар томонга сакрамоқчи бўлиб, ўрага тушиб кетган.

Ушбу ҳолат акс этган видео интернетда пайдо бўлди. Видеодан кўринишича, Эльза лақабли шер унинг ёнидан автобусда ўтиб кетаётган сайёҳларни улардан кўзини узмай кузатиб туради. Қандайдир лаҳзада шер сайёҳлар томон сакрашга уринади, бироқ нариги бетгача етолмай, ўрага тушиб кетади.  

Ҳайвонот боғи вакилининг айтишича, сайёҳларга бу ҳолатда ҳеч нима хавф солмаган. Шерлар 5 метргача сакрай олишади, ўранинг узунлиги эса 7 метр бўлган, деб ёзмоқда Daily Mail нашри.

Шер югуриб келмасдан, жойидан сакраган. Бироқ баъзи биологларнинг фикрича, шерлар 10 метргача ҳам сакрай олишлари мумкин.

Қизиғи, у ерда бўлган иккинчи эркак шер на сайёҳларга, на "дугонаси"нинг ўрага тушиб кетганига эътибор бермай, бамайлихотир ётишда давом этаверган.

Эльзани кўздан кечирган ветеринарлар унга ҳеч нарса қилмаганини қайд қилишган. Таъкидланишича, шер ҳайвонот боғи шароитига ҳали унча кўникмаган, чунки у циркдан мусодара қилингач, бу ерда яшаётганига кўп вақт бўлмаган.