Европа иттифоқининг 27 давлати етакчилари ҳамжамиятнинг Буюк Британиясиз келажаги бўйича Рим декларациясини имзолашди. Ҳужжатнинг тантанали имзоланиш маросими Римдаги Капитолий тепалигида бўлиб ўтди, у ерда Рим шартномасининг 60 йиллиги муносабати билан ЕИ йиғилиши ўтказилмоқда.

Декларация Буюк Британиянинг Европа иттифоқидан чиқиш жараёни ишга туширилиши аввалида имзоланди.

Таъкидланишича, Польша бош вазири Беата Шидло имзолаш вақтида ручкани ҳужжат устига яқинлаштириб, бир неча сонияга тўхтаб қолган. У имзо қўйганидан сўнг эса қўлларини турли томонга ташлаб, кулимсираган.

Ҳужжат Европа келажагининг барча соҳалардаги кўринишини ўз ичига қамраб олган. Франция президенти маъмуриятининг хабар беришича, унда европаликларнинг сўнгги 60 йил давомидаги ютуқлари ҳам (жумладан тинчлик, фаровонлик, Европа ижтимоий модели), ЕИ олдида турган чақириқлар ҳам, - популизмнинг ўсиши, Европа институтларидан норозилик ва террорчилик хавфи бор.

Декларацияда Brexit фонида қолган давлатларнинг янада бирлашишга бўлган интилиши акс эттирилган.

"Биз Европа иттифоқини янада кўпроқ бирлашиш ҳамда умумий қоидаларга риоя этиш орқали кучлироқ қиламиз", - дея маълум қилишган давлат раҳбарлари.

Европа иттифоқи етакчиларининг фикрича, хавфсизлик ва ҳимоя, фаровонлик ҳамда иқтисодий ўсиш, ижтимоий сиёсат ва халқаро аренадаги кучли позициялар келажакда энг устувор вазифалар бўлиб қолади.

Шу билан бирга, ЕИ Европа позициясини янги шерикликни ташкил қилиб ҳамда “Яқин Шарқ, Африка ва бутун дунёда” барқарорлик ҳамда фаровонликка кўмак бериш орқали кучайтириш ниятида.

Европа етакчилари мудофаа ва хавфсизликни НАТО билан шерикчиликда мустаҳкамлаш ниятидалар, бироқ Иттифоққа аъзо-давлатларнинг алоҳида жиҳатлари эътиборга олинади.

Имзолаш маросими консерваторлар Саройининг Горацийлар ҳамда Куриацийлар залида бўлиб ўтди – айнан шу ерда, 1957 йилнинг 25 март куни Европа иқтисодий ҳамжамиятини ташкил этиш ҳақида келишув имзоланган.