2016 йилда Қирғизистон президенти девонхонасига мамлакат фуқароларидан 11 минг 335 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти сайтида маълум қилинди. 

Улардан 8 минг 464 таси электрон мактуб кўринишида билдирилган. Жамоат қабулхоналарида 595 фуқаронинг мурожаати тингланган. Яна 940 киши ишонч телефонлари орқали мурожаат қилганлар.

Фуқароларнинг ёзма мурожаатларини 9 та йўналиш бўйича ажратиш мумкин:

суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари иши бўйича – 32,2 фоиз;
уй-жой ва ер участкаси ажратиш бўйича – 12,5 фоиз;
соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият масалалари бўйича – 9,8 фоиз;
маошлар, пенсиялар ва имтиёзлар бўйича – 8,2 фоиз;
давлат мукофотлари, фуқаролик, афв этиш масалалари бўйича – 4,3 фоиз;
кредитлар ва ссудалар бўйича – 2,5 фоиз;
қурилиш, транспорт масалалари бўйича – 2,3 фоиз;
хавфсизлик масалалари бўйича – 2 фоиз;
2010 йил апрелидаги воқеаларда жабрланганларга ёрдам масаласи бўйича – 1,1 фоиз;
бошқа масалалар бўйича – 25,2 фоиз.

Кўпчилик мактублар суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ишига тааллуқли бўлган (2,73 минг мурожаат). Одамлардан қурилиш ва архитектура (191 мурожаат), мудофаа ва хавфсизлик (166), 2010 йил апрелидаги воқеаларда жабрланганларга ёрдам масалалари (94) бўйича энг кам мурожаат келиб тушган

Қолган 2,13 мингта мурожаатда фуқароларни ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муҳим масалалар қизиқтирган.  

Ҳудудлар тақсимотида энг кўп мурожаатлар бишкекликлар томондан (43,1 фоиз), энг кам мурожаатлар Боткен (3 фоиз) ва Талас (2,3 фоиз) вилоятлари аҳолисидан билдирилган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига 2017 йил 24 январь ҳолатига кўра, 409 мингта мурожаат келиб тушган.

Мурожаатлар 3 хил йўл билан билдирилган:

PM.gov.uz сайти орқали – 51 фоиз;
ишонч телефонлари (1000, 2100000) орқали – 44 фоиз;
жойларга келиб билдирилган – 4 фоиз.

Қуйида одамлардан келиб тушган мурожаатларнинг қайси давлат органларига юборилгани бўйича статистик маълумотлар келтирилган:

Ички ишлар вазирлигига – 46999 та мурожаат;
Тошкент шаҳри ҳокимиятига – 46339;
Меҳнат вазирлигига – 23414;
Тошкент вилояти ҳокимиятига – 20616;
Марказий банк ва тижорат банкларига – 17671;
Адлия вазирлигига – 17411;
"Ўзбекнефтгаз" АЖга – 15276;
Молия вазирлигига – 12997;
Фарғона вилояти ҳокимиятига – 12889;
Андижон вилояти ҳокимиятига – 12052.

Мурожаатларнинг катта қисми Тошкент шаҳри аҳолисидан билдирилган. Бу кўп жиҳатдан интернет фойдаланувчиларнинг катта қисми Тошкент шаҳрига тўғри келиши билан шартланган.

Қуйида Тошкент шаҳри ва вилоятлар аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар бўйича статистик маълумотлар берилган:

Тошкент шаҳри – 109052 та мурожаат;
Тошкент вилояти – 58740;
Фарғона вилояти – 35463;
Қашқадарё вилояти – 33391;
Андижон вилояти – 29221;
Сурхондарё вилояти – 25494;
Самарқанд вилояти – 21658;
Хоразм вилояти – 17084;
Наманган вилояти – 16908;
Бухоро вилояти – 15874;
Навоий вилояти – 14401;
Сирдарё вилояти – 11690;
Жиззах вилояти – 11333;
Қорақалпоғистон Республикаси – 9563.