2016 йилнинг 25 сентябрида ишга туширилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ҳукуматнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан яқиндан ишлашга, жойларда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва коррупциянинг олдини олишга мўлжалланган бепул электрон ресурс бўлиб келган ва бундан кейин ҳам бепул бўлиб қолади. Бу тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилган.

Халқ орасида "Ер шари миш-мишлар билан тўладир" деган гап бор. Жумладан, сўнгги вақтларда PM.GOV.UZ порталининг пуллик бўлгани, аҳоли вакилларидан қабул қилинадиган мурожаатлар учун пул олиниши ҳақидаги миш-мишлар болалаб кетган эди. Жумладан, бу тўғридаги миш-мишлар одамлар ўртасида ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар орқали тарқалмоқда. Хусусан, гўёки кимлардир аҳоли ўртасида гувоҳномасини кўрсатган ҳолда, ўзини порталнинг ходими сифатида таништирган ва аҳолидан мурожаатлари учун пул талаб қилган.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бу каби маълумотларни рад қилади. Вазирлик маълум қилишича, бу каби гап-сўзлар батамом асоссиздир.

2017 йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинишининг ўзиёқ порталнинг аҳоли ва ҳукумат ўртасидаги беминнат кўприк эканлигини англатади. Шунингдек, ҳукумат раҳбарияти мазкур йўналишни ривожлантириш ва аҳоли билан мулоқотда янги ва қулай усулларни ўрнатадиган лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан вазифаларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, Миллий оператор томонидан абонентлари учун қатор ҳукумат ва давлат сайтларидан, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси — PM.GOV.UZ'дан бепул интернет трафиги асосида фойдаланиш имкони яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги аҳолини бу каби миш-мишларга ишонмасликка чақиради, Виртуал қабулхонанинг мурожаатчи учун бундан кейин ҳам бепул хизмат кўрсатишини маълум қилади. Бу тўғрида батафсил жойлардаги "Халқ қабулхонаси"га мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.