Бугун 25 март шанба куни ЕИга аъзо 27 давлат Римда ташкилотнинг 60 йиллигига бағишланган юбилей саммитини ўтказади. Унда Brexit жараёни якунлангач, ЕИнинг устунликларига доир декларация имзоланиши кутилмоқда. Имзолаш маросими Капитолий тепалигидаги Консерваторлар саройида бўлиб ўтади. 1957 йилда шу ерда ЕИ асосчилари ҳисобланувчи 6 мамлакат Ягона Европа сари қадам ташлаган эди. 

Евроиттифоқнинг қайд этишича, юбилей саммити — бу байрам учрашувидир. Шу боисдан, унинг якунида Рим декларацияси қабул қилинади, холос. Бу ҳужжатда ЕИнинг Буюк Британиядан ташқари барча аъзоларининг иқтисоддан тортиб сиёсатгача бўлган соҳалар бўйича иттифоқ келажагига доир қарашлари акс этади. 

Таъкидланишича, саммитга тайёрланиш чоғида ЕИнинг келгусида интеграция даражасига доир масала турли қарашларга сабаб бўлган. Еврокомиссия анжумандан 3 ҳафта аввал, Британиясиз ЕИнинг келажагига доир беш сценарийни тақдим этди. Яъни:

- ҳозирги сиёсатни давом эттириш ва мушкул масалалар юзасидан ечимни топиш;
- ягона бозорни сақлаб қолиш ва бошқа масалаларда давлатларнинг мустақил сиёсат юритишига имкон бериш;
- айрим мамлакатларнинг баъзи масалаларда –интеграциясини чуқурлаштириши билан ҳозирги сиёсатни давом эттириш;
- танланган соҳаларда аъзо мамлакатлар интеграциясини чуқурлаштириш;
- барча масалаларда интеграцияни чуқурлаштиришдир. 

Экспертлар учинчи қоидани "тезкор Европа" деб аташган. Уни Франция, Германия ва Бенилюкс мамлакатлари (Бельгия, Нидерландия, Люксембург) маъқулламоқда. Бу қоида 1997 йилги Амстердам шартномасидан бошлаб ЕИнинг барча асосий ҳужжатларида мавжуддир. Айнан шу қоида асосида евро ҳудуди ва Шенген ҳудуди фаолияти йўлга қўйилган. Бироқ, Шарқий Европа мамлакатлари, жумладан Чехия, Польша, Словакия ва Венгрия бу қоидани декларацияда ёдга қолишга қарши чиқишди. Уларнинг фикрича, мазкур қоида Ғарбий Европа давлатларига айрим аъзо давлатлар иштирокисиз ҳам улар учун қарор қабул қилиш имконини беради. 

Рим декларацияси эса, мазкур масала бўйича якуний хулосага келинганини кўрсатиши керак. 

Рим шаҳри ҳам саммитга тайёр. Гарчи италияликлар Европанинг йирик анжуманларини ташкил этиш борасида унчалик ҳам катта тажрибага эга бўлмасалар-да, Рим шаҳридаги хавфсизлик чоралари аввалдан кучайтирилди. Бу ерда сўнгги маротаба, шундай йирик тадбир 2004 йилда ЕИ ягона конституциясини имзолаш маросими муносабати билан ўтказилган эди. 

Шаҳар марказининг икки ҳудудида хавфсизлик чегараси белгиланган. Бири Рим декларацияси имзоланадиган Капитолий тепалиги, иккинчиси Италия президенти Серджо Маттареллининг Квиринал саройи атрофидадир. Бу ерда у Европа мамлакатлари етакчиларига тушлик беради. 

Шу билан бирга, хабарларда таъкидланишича, кўплаб сайёҳлар Римнинг қоқ марказидаги 12та маданий ёдгорликларни шу куни томоша қила олишмайди. Хусусан, Колизей, Рим форуми, Палатин, Троян форуми ва Нероннинг "Олтин уй"и шулар жумласидан. 

Саммит куни, яъни бугун 25 март куни Римда 6та йирик намойиш бўлиб ўтади. Уларни ЕИ тарафдорлари ва ташкилотни хоҳламайдиганлар ўтказади. Уларда 25 минг киши иштирок этиши кутилаяпти. Италия ҳукумати Лондондаги қўпорувчиликдан сўнг, нафақат тартибсизлик, балки террорчилик таҳдидидан ҳам хавотирланмоқда. Шу муносабат билан, мамлакат ИИВ бошлиғи Марко Миннити пайшанба кунидан бошлаб одамлар кўп тўпланадиган ҳудудлар ва машҳур диққатга сазовор жойларда хавфсизлик чораларини кучайтириш вазифасини топширди. 

Рим марказидаги тартибни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 5 минг ходими таъминлайди. Бундан ташқари, қўшимча равишда 100 видеокузатув камераси ўрнатилган. Уйларнинг томларида снайперлар навбатчилик қилади. 24 мартдан шаҳарнинг 10 км радиусдаги осмонида парвозлар тақиқланган. 

Аслида саммит меҳмонлари иштирокидаги маросимлар 24 мартдан бошланган. Европарламент раиси европалик сиёсатчилар делегацияси билан бирга зилзиладан талофат кўрган Норча шаҳрини бориб кўрди. Кейинроқ, Италия бош вазири Паоло Джентилони Европа бизнеси ва касаба уюшмалари раҳбарлари билан учрашди.

Рим декларациясини имзолаш бўйича маросим Консерваторлар саройининг Горацийлар ва Куриацийлар залида бўлиб ўтади. Бундан роппа-роса 60 йил муқаддам, 1957 йил 25 мартда айнан шу ерда Европа иқтисодий ҳамжамиятини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланган эди. Кейинчалик бу шартномага қўшилган давлатлар сони ортиб, ЕИга айланди.