Россиянинг Су-25СМ ҳужумкор самолётлари Қирғизистоннинг Кант авиабазасидан Тожикистонга кўчирилди, улар қўшма аксилтеррорчилик қўмондонлик-штаб машқларида қатнашади. Бу ҳақда ТАСС Россия марказий ҳарбий округи матбуот хизматига асосан хабар берди.

«Россиянинг Су-25СМ ҳужумкор самолётлари Қирғизистондаги Кант авиабазасидан Тожикистонга кўчирилди, улар икки давлат қуролли кучларининг бирлашган гуруҳ қўшинлари қўшма аксилтеррорчилик қўмондонлик-штаб машқларида иштирок этади. Самолётлар Душанбедан 30 километр масофада жойлашган Айни аэродромидаги авиация гуруҳи таркибини тўлдиради», - дейишган матбуот хизматида. 

Таъкидланишича, экипажлар ер устидаги нишонлар, база лагерлари ва ноқонуний қуролли тузилмалар омборхоналарига ракета-бомба зарбалари бериш бўйича машқларни ўтказади.

Машқларда марказий ҳарбий округ ҳарбий бошқармаси тезкор гуруҳлари, 201-ҳарбий база бўлинмалари, ҳарбий округнинг алоҳида бирлашмалари ва ҳарбий қисмлари, Тожикистон мудофаа вазирлигининг махсус топшириқли десант ва механизациялашган пиёда бригадалари таркибидаги бўлинмалар иштирок этади.