Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси иқтисодиётнинг кўпгина тармоқларида етакчи мамлакатлардан бири. Айни шу сабабли, юртимиз ёшларининг аксарияти мазкур давлатнинг таълим жараёни, хитой халқи маданиятини ўрганишга катта қизиқиш билдиришади. Биз ушбу масалаларни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент давлат шарқшунослик институти “Хитойшунослик” факультети декани, филология фанлари номзоди, доцент Сабоҳат Ҳошимова билан суҳбат уюштирдик.
 

M: - Ассалому алайкум Сабоҳат опа! Суҳбатимизни Хитой Халқ Республикасининг таълим жараёнлари мавзусида бошласак!?

C. Ҳ: - Хитой Халқ Республикаси қисқа муддатда юксак иқтисодий тараққиётга эришган саноқли мамлакатлар сирасига киради. Айни ҳозирда ҳам турли жабҳаларда ривожланиш бўйича пешқадамлардан бири бўлиб келмоқда. Албатта, бундай натижага ўз ўзидан эришиб бўлмайди. Ривожланган давлатлар тарихига назар солинса, улар етук кадрлар тайёрлашга куннинг долзарб масаласи сифатида эътибор қаратишган. Таълим самарадорлигини босқичма босқич ошириб борилишига урғу берилган. Хитой ҳам мамлакат ташкил этилганидан (1949 йил) бошлаб ёшларни ўқитишга, таълим-тарбия жараёнини яхшилашга киришди. Ва бу ўтган асримизнинг сўнгги чорагидан ўз самарасини кўрсата бошлади. Иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари барқарорлашиб, айрим давлатларни ортда ҳам қолдира олди. Мазкур диёрнинг таълим тизими ҳақида тўхталадиган бўлсам, шахсан ўзим бир неча йиллар муқаддам Пекин университетида хитойлик талабаларга ўзбек тилидан дарс берганман. Хизмат фаолиятим давомида шу нарсага амин бўлганманки, хитойликлар фарзанд тарбиясига катта аҳамият қаратишади. Ўз навбатида хитойлик ёшлар ҳам илм эгаллашга чуқур ёндашишади. Ҳаттоки, мамлакатнинг энг чекка ҳудудларида ҳам болаларнинг кўзлари ёниқлигидан, билимга чанқоқлигидан, ҳайратланасиз. Умуман, Хитой халқи Конфуций таълимотига бориб уланадиган, “Бугунингни кўзласанг шоли эк! Эртангни ўйласанг фарзандингни ўқит!” мазмунидаги ҳикматга амал қилишади.

M.: - Биламизки, Хитойликларнинг иероглифлари сони мингдан зиёдни ташкил этади. Ва бу ҳарфларни ўзлаштириш статистик жиҳатдан энг мураккаб ёзув ва тил деб топилган. Бу хитойликларнинг ўзларига ҳам қийинчилик туғдириши табиий, менимча!?

С. Ҳ: - Дарҳақиқат, улар алифбосидаги иероглифлар анчагина катта миқдорни ташкил этади. Иероглифлар сони 60 мингдан зиёд. Тан олиб айтиш керакки, мамлакатдаги проффесорлар ҳам бунча кўп алифбони ёддан билишмайди. Лекин, шундай бўлса-да, иероглифларни билиш талаби қатъий қўйилган. Мисол учун, мактаб ўқувчиси 3 минг, бакалавр талабаси 5 минг, магистрлар эса 8 мингта иероглифларни билиши шарт. Фан номзоди, фан докторлари 10 минг, 15 минг этиб белгилаб қўйилган. Биз ҳам факултетимиз талабаларига бакалавр босқичини тугатгунга қадар 3 мингдан зиёдини билишликни талаб қилиб қўйганмиз. Соҳа қизиқувчиларига айтишим мумкинки, хитой тилида сўзалашиш учун 2 мингдан ортиқ иероглифларни ёдлай билиш етарли бўла олади.

M.: - Хитойшунос мутахассис сифатида ўзбек ва хитой халқининг ўзаро ўхшаш жиҳатлари бор дея оласизми?

С. Ҳ.: - Албатта ўхшаш жиҳатлар мавжуд. Қадимги Хитой ҳукмдорларидан бири У Ди замонида давлатда беда экилиши йўлга қўйилади. Ушбу беда уруғи Марказий Осиё минтақасидан совға тариқасида юборилган бўлган. Биргина мана шу мисолнинг ўзиёқ, дўстона алоқалар азалдан ривожланиб борганини кўрсатади. Яқиндагина зўр иштиёқ билан нишонлаганимиз Наврўз айёмидан олиб қарайдиган бўлсак, бизни байрамимизда сумалак, кўксомса, чучвара ва бошқа миллий таомлар тайёрланади. Хитойликлар бу кунда чучварани миллий таом сифатида пиширишади. Шунингдек, меҳмондўстлик, очиқфелъллик ва олийжаноблик каби кўплаб гўзал фазилатлар халқларимизнинг ўхшаш жиҳатлари бўла олади.

Қолаверса, Пекин шаҳрида Хепингли номли кўча бор. Ўша ерда мусулмонларнинг масжиди фаолият кўрсатади. Масжидга кирилганда иккита қабрга кўзингиз тушади. Қабртошга, “Бу ерга Самарқанддан келган беклар дафн этилган!” – деб ёзиб қўйилган. Уларни тарихи билан чуқурроқ танишиб чиқилса, улар Самарқанддан тақдир тақозоси билан бориб қолган савдогарлар ҳисобланишади. Балки, шу нуқтайи назардан ҳам Хитойнинг Дунган миллати аҳолисининг аксарият қисми ўзларининг келиб чиқишини Самарқанд ва Бухорога боғлашади. Мана шу мисоллар ҳам халқларимиз қарашларининг муштараклигидан далолат беради.

M.: - Бундан бир неча йиллар олдин телеэкранларимизда анча оммалашган Хитой фильмларининг таржимони ҳисобланасиз. Шу ва таржимонлик ҳақидаги фикрларингиз?

С. Ҳ.: - ЎзМТРК Ёшлар телерадиокомпанияси билан 2006 йилдан ҳамкорлик қилиб келамиз. Халқимиз томонидан эътироф этилган дастлабки ишимиз “Ёмғир симфонияси” телесериали ҳисобланади. Бундай фильмлар 10 дан зиёдни ташкил этади. Таржима қилишнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Шундай пайтлар бўлганки, оддийгина икки жумла гапларни ўзбекчага ўгириш учун кунлаб вақтларимиз сарфланган. Айрим сўзларни тўғридан тўғри ўгира оласиз, лекин кези келганда, айниқса иборалар таржимаси ишингизни мураккаблаштиради. У ёки бу халқнинг дунёқараши, менталитети инобатга олинмаса, асар мазмунига жиддий путур етади.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бугунги ёшларимизнинг кўпчилик қисмини ҳозирги кунда бир соҳада қотиб қолаётганлигини кўряпмиз. Ўзимни соҳамда келиб чиқадиган бўлсам, талабаларимиз хитой тилини ўрганишади-да, инглиз, рус тилларини четга суриб қўйишади. Ваҳоланки, қарийб бир аср муқаддам Беҳбудий бобомиз “Икки тил эмас, тўрт тил лозим” деб куйиниб гапирганлар. Биз мамлакатимизни жаҳондаги энг ривожланган давлатлар қаторига қўшишимиз учун, тарихимизни, бир неча тилни чуқур билишимиз зарур. Яна бир нарса, кўп ёшларимиз тил ўрганишда мобил таржима иловалардан фойдаланишади. Бу қайсидир маънода ўзини оқлай олар. Аммо, мазкур мобил таржима иловалари кўп ўрганувчиларда дангасалик ҳиссини кучайтириб юбормоқда. Китоб мутоласидан чекинтириб қўйди. Ёдлаш хусусиятини пастлатди ҳам. Аввало, билим эгаллаш учун китоб энг мақбул танлов деб, биламан.

M.: - Сўнгги савол ўрнида, сиз фаолият кўрсатаётган таълим даргоҳидаги режалар ва ўзингизнинг келажакдаги мақсадларингиз ҳақида  айтиб ўтсангиз?

С. Ҳ.: - Февраль ойида Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган, Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиққан ҳолда, биз ҳам факультетимиз ривожланишининг беш йиллигига мўлжалланган истиқболли режаларни ишлаб чиқдик. Унга кўра, ҳар йили хитойшунос ўқитувчиларимиз ва талабаларимизнинг салоҳиятини ошириш, синхрон таржима маҳоратини юксалтириш мақсадида, энг интилувчанларини Хитойга юбориш ниятидамиз. Куз ойларига хитойшуносларимиз иштирокидаги халқаро конференция ўтказиш ва бошқа бир қатор режаларимиз бор.

Ўзимнинг илмий режаларим ҳақида эса, бугунги кунга қадар 10 га яқин Хитой тилига мўлжалланган ўқув қўлланмалар, 90 дан ортиқ мақолалар эълон қилганман. Ушбу ишларнинг сони ва сифатини ошириш ва энг асосийси юртимиз тараққиёти йўлида хизмат қиладиган етук хитойшуносларни тарбиялашдир.
Фурсатдан фойдаланиб, Kun.uz нашрига улкан муваффақиятлар тилаб қоламан! 

M.: - Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Таҳририятимиз номидан сизга ҳам баркамоллик тилаймиз.

Нурилло ТЎХТАСИНОВ
суҳбатлашди.