Қўшма Штатларнинг КХДРга огоҳлантирувчи зарба бериш бўйича ҳаракати “ҳалокатли оқибатларга олиб келади”. Бу ҳақда Шимолий Корея тинчлик учун миллий қўмитаси вакили баёнотида айтилади, у “Нодон синмун” газетасида эълон қилинди.

У АҚШдан “КХДРга қарши йўналтирилган ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва Корея ярим ороли ҳамда унинг атрофида жойлашган ядро воситаларини дарҳол олиб чиқиб кетишни талаб қилди”.

“АҚШ ақл билан иш кўргани маъқул ҳамда ҳалокатли оқибатлар ҳақида ўйлаб кўриши керак”, - дея таъкидлаб ўтган қўмита вакили. Унинг шунингдек огоҳлантиришича, “бундай ҳаракатлар бўйича ҳаттоки кичик уринишлар пайқалса ҳам Пхеньян тажовузкорлар ва фитначиларнинг барча базаларига ядро ҳужуми уюштиради”.

АҚШ ва Жанубий Корея ҚК 13 март куни Key Resolve мунтазам қўшма қўмондонлик-штаб машқларини бошлашди. У Корея ярим ороли ҳудудида Америка қўшинларини фавқулодда кучайтириш имкониятини текширувдан ўтказишга қаратилган. Машқлар 1 март куни старт олган Foal Eagle дала машқлари билан бир вақтда ўтказилмоқда. Уларда барча турдаги қўшинлар иштирок этмоқда.

Foal Eagle машқлари давомида 5015 тезкор режаси бўйича ишланмоқда, у фавқулодда вазиятларда КХДР ракета ва ядро базаларига зарбалар беришни назарда тутади. Томонлар шунингдек ракетага қарши мудофаа соҳасида ҳам машғулотлар ўтказмоқда.