Tesla муҳандислари компания автомобилларида қўлланувчи литий-ионли батареяларнинг ишлатилишини хавфсизроқ қилишга имкон берувчи ечимни топишди. Аккумулятор қувватланаётганда ёки автомобиль ҳаракатланаётганда ишдан чиқиши мумкин. Яқинда Норвегияда Model S’нинг ёниб кетиши айнан машина қувватланаётганда юз берган. Шунинг учун бундай ҳолатларнинг олдини олувчи янги ишланма айни муддао бўлди.

Патентда аккумулятор ҳар бир ячейкасининг қувватланиш ва ишлаш жараёнида назорат қила оладиган тизим таърифланган. Бундан ташқари, у ячейкалар ҳолати ҳақида маълумотларни йиғиб, уларни компанияга узата олади. Бунинг эвазига сервис маркази мутахассислари ҳар бир аниқ ҳодиса бўйича керакли маълумотга эга бўладилар ва муаммони тезкорлик билан бартараф этиб, бундай ҳодисаларнинг келгусида такрорланишига йўл қўймайдилар.

Бироқ тизим ҳозирча қоғозда мавжуддир, бу эса компания нуқсон аниқланса, аввалгидек синалган эски усулни қўллашига тўғри келишини англатади – нуқсонли батареяларнинг қайтариб олиниши компанияга мўмайгина пулга тушса ҳам, бироқ ишончли ишлайди.