АҚШ Республикачилар партияси Obamacare номи билан машҳур бўлган қонунни бекор қилиши кутилган қонун лойиҳасини қайтариб олди. Барак Обаманинг соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотини бекор қилиш Дональд Трампнинг сайловолди пойгаси ҳамда лавозимига киришгандаги асосий ваъдаларидан бири эди. Бироқ, лойиҳанинг овоз беришда омадсизликка учрашининг олдини олиш мақсадида партия раҳбарияти шундай қарор қилган.

Республикачиларнинг American Health Care Act (HCA) қонун лойиҳаси Конгрессда Оқ уй томонидан фаол равишда ҳимоя қилинганига қарамай, маъқул келмаган. Reuters агентлигининг ёзишича, ҳужжат келишувчан ва консерватор республикачиларни қаноатлантирмаган.

Мазкур қонун лойиҳасини жон-жаҳди билан ҳимоя қилган Вакиллар палатаси спикери Пол Райаннинг ҳикоя қилишича, у Трамп билан Оқ уйда қонун лойиҳаси чақириб олингунга қадар учрашган. Райаннинг ўзи Трампга ҳужжатни қайтариб олиш айни вақтда бажариш мумкин бўлган энг яхши қарор эканини айтган. 

Президент Трамп республикачилар мазкур мавзуга яқин орада қайтмаслигини билдирган. CNN телеканалининг хабар қилишича, республикачилар 7 йил мобайнида ушбу соҳада ислоҳот ўтказишни режалаштириб келган. Шунга кўра, ҳужжатнинг чақириб олиниши Америка президенти обрўсини кескин тушириб юборади. 

Вакиллар палатасидаги демократлар фракцияси раҳбари республикачиларнинг бу мағлубиятини «Америка халқининг ғалабаси» деб атади.

Obamacare номи билан машҳур тиббий ислоҳот 2010 йилда маъқулланган эди. У Барак Обаманинг ички сиёсатдаги асосий ютуқларидан бири бўлди. Қонун барча фуқароларга тиббий суғурталаниш мажбуриятини юклади ҳамда суғурта компанияларига «ноқулай» мижозларга рад жавоби беришни тақиқлади. Гарчи, ушбу қонундан ижобий ўзгаришлар кутилган бўлса-да, уни ҳаётга татбиқ этишда қатор техник, молиявий ва ижтимоий тўсиқларга дуч келинди. Бу эса, ўз навбатида, ислоҳотнинг танқид қилинишига сабаб бўлди. 

Дональд Трамп вазифасига киришишдан аввал, Обама маъмурияти томонидан қабул қилинган қонунларнинг аксарини бекор қилишга ваъда берган эди. 

Умуман, таъкидланишича, Конгрессда қабул қилинишига эришилмаган янги қонун лойиҳасида Obamacare қонунининг кўплаб бандлари сақлаб қолинган эди, шу боис уни норасман Obamacare-lite ҳам деб аташди.

Янги қонун мажбурий тиббий суғуртани бекор қилиши ҳамда 2020 йилга келиб аҳолининг кам таъминланган қатламига давлат томонидан субсидиялар ажратиш, жумладан, шошилинч шифохонага ётқизиш, дори-дармонлар, ҳомиладорлик ва педиатрия ёрдамини тўлиқ бекор қилишни кўзда тутар эди.