АҚШ ҳукумати Россиянинг яна 8 та ташкилотига нисбатан санкциялар киритишга қарор қилди. Бу ташкилотлар АҚШнинг Эрон, Шимолий Корея ва Сурия билан алоқа қилмаслик қонунини бузганликда айбланмоқдалар.  

Маълумотларга кўра, қора рўйхатга қуйидаги ташкитлотлар киритилган: "Рособоронэкспорт" АЖ, "150-й авиационный ремонтный завод" АЖ, "Авиаэкспорт" ташқи иқтисодий уюшмаси, "Научно-производственное объединение "Базальт" АЖ, "Научно-производственная корпорация "Конструкторское бюро машиностроения" АЖ, авиация маршали Б.П.Бугаев номидаги Ульянов фуқаролик авиацияси институти, Фуқаролик авиациясининг Урал ўқув-машғулот маркази, профессор Н.Е.Жуковский ва Ю.А.Гагарин номидаги ҳарбий-ҳаво академияси.

Бу ташкилотларнинг барчасига қўйилаётган эътирозлар айнан нимадан иборатлиги маълум қилинмаган. 

Ушбу санкциялар икки йиллик муддатга киритилмоқда ва АҚШнинг исталган вазирлиги ёки муассасаси томондан қора рўйхатга кирган ташкилотлардан маҳсулотлар ва хизматлар сотиб олинишига, Вашингтон томондан уларга қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника сотишга, уларга маҳсулотлар харид қилиш учун АҚШ лицензияларининг берилишига, уларга ёрдам беришга тақиқловни кўзда тутади. Шу билан бирга АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон агар лозим деб топса, бу санкциялар амал қилишини бекор қилиши мумкин.