Италиянинг шимолидаги Лигурия вилоятида юк машинаси йўл ишчиларини уриб юборди. Оқибатда 2 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Италия ўт ўчириш хизмати.

Генуяга кетаётган юк машинаси ҳайдовчиси Савон шаҳри яқинидаги йўлдан кетаётганда бошқарувни қўлдан чиқарган. Шундан кейин юк машинаси Opel енгил автомобили билан тўқнашиб кетган. Зарбадан енгил автомобиль йўл четидаги қияликка тушиб кетган, юк машинаси эса ён бошига ағдарилиб, 7 ишчини уриб юборган. Ишчилар бир кун аввалги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланаётган бўлганлар. 

Воқеа жойига шифокорлар, йўл полицияси, ўт ўчирувчилар ҳамда Аппенин яриморолида пуллик йўллар тармоғини бошқарувчи Autostrade per'Italia компанияси вакиллари етиб келишган. 

Икки ишчи олинган жароҳатлардан воқеа жойида вафот этган. La Repubblica нашрининг маълум қилишича, яна бир ишчи юк машинаси остидан чиқариб олингандан кейин вертолётда шифохонага олиб кетилган. Таъкидланишича, унинг оёқлари кесиб ташланиши мумкин. Яна 4 ишчи енгил жароҳатлар олган. Енгил автомобилдаги икки йўловчи ҳам шифохонага етказилган. Уларнинг аҳволи қониқарли дея баҳоланмоқда.

Юк машинаси ҳайдовчиси ва унинг шериги Испания фуқаролари бўлишган. Маълум қилинишича, улар спиртли ичимлик истеъмол қилганликка тиббий кўрикдан ўтказилганлар, бироқ уларнинг қонида шубҳали моддалар аниқланмаган.