Нидерландиядаги Эразм Роттердамский номидаги университетнинг тиббий марказ олимлари  сичқонларда қаришга қарши препаратни муваффақиятли синовдан ўтказишди. Бу ҳақида Cell журнали хабар берди.

Инсоннинг ёши ўтгани сайин тўқималарда қариётган ҳужайралар йиғилиб қолади. Олимларнинг фикрича, улар артрит ва диабет каби касалликларнинг ривожланишига туртки берар экан. Нидерландияликлар томонидан ишлаб чиқилган "ёшлик эликсири" ана шу ҳужайраларни йўқ қилади, бу эса қариш жараёнини тўхтатиш имконини беради. Қариётган ҳужайраларни ўз-ўзини йўқ қилишга ундовчи пептид препарат таркибига киради. 

Препарат қариётган сичқонларда синалганидан кейин уларнинг жисмоний чидамлилиги ошган - тадқиқотчилар кемирувчилар кўп вақтларини "ғилдирак"да ҳаракатланиб ўтказганини таъкидлашди. Бундан ташқари, "ёшлик эликсири"ни қабул қилган жониворлар синов вақтида босиб ўтган масофа деярли икки баробарга ошган. 

Олимлар шунингдек сичқонларнинг ички органлари фаолияти яхшиланганини ҳам қайд этишди. 

Тадқиқот муаллифлари мазкур препарат саратон билан курашда самарали бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Кейинги босқичда янги препарат инсонларда синаб кўрилади.