Жорий йилнинг 19-23 март кунлари Наманган вилоятидан тиббиёт соҳаси, фармацевтик ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлар вакилларидан иборат делегация Ҳиндистоннинг MJ Group компанияси раҳбари Жавшантал Шах таклифи билан Ҳиндистон давлатида бўлиб қайтди. Бу ҳақда Namnews хабар берди. 

Ташриф давомида саноат, фармацевтика ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ҳиндистоннинг бизнес вакиллари билан бевосита учрашувлар ўтказилиб, қатор меморандумлар имзоланди.

Делегация таркибида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори Азиз Эрметов, тадбиркорлар Олимжон Исаев, Баҳодир Дадабоев, Аҳмад Сулаймонов, Абдулманноп Ҳолмирзаев ва Отабек Мансуровлар Деҳлида Ўзбекистон элчихонаси вакили билан учрашиб, Пуна шаҳрига учиб кетишди.

Пуна шаҳрида Инсулин ишлаб чиқарувчи MJ Biotech PVT.Ltd заводига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишиб чиқилди. Бу ерда завод бош менежери жаноб Krishna Prasad ишлаб чиқариш жараёнида презентация қилиб, компания тарихи ва ишлаб чиқариш жараёни ҳақида тушунчалар берди.

21 март куни Таложа шаҳрида MJ компаниясига қарашли MJ Biopharm Pvt.Ltd дори ишлаб чиқариш фармацевтика заводига бориб, фаолияти билан танишиб чиқилди. MJ Biopharm Pvt.Ltd  вице-президенти жаноб Hitendra H.Pandit ишлаб чиқариш жараёни, технологиялар ва сўнгги эришилган ютуқлар тўғрисида тўлиқ ахборот берди. Бу заводда таблетка ва ампула шаклида дори ишлаб чиқарилиши жараёни билан танишиб, бош менежерлар Rajesh Sawant ва Rakesh Vyas’дан қизиқтирган саволларга жавоблар олинди.

Шу куни кечда MJ заводи раҳбарияти жаноб Jashvantlal Shah ва Amol Shah билан делегация раҳбари Солижон Мўминов музокаралар ўтказди ҳамда ўзаро ҳамкорлик юзасидан меморандум имзоланди.

 “Ифода агро кимё” корхонаси раҳбари Олимжон Исаев ва Ҳиндистоннинг M.J.Biofarm Private Limited компанияси вакили Dr Shekeel ўртасида ўсимликларни турли касалликлардан ҳимоя воситалари – кимёвий дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва келгусидаги ҳамкорлик бўйича ҳам меморандум имзоланди.

Ҳиндистонлик тадбиркорлар ва тиббиёт соҳаси вакилларига Наманган вилояти, унинг саноати, ишлаб чиқариш корхоналари, имкониятлари, тиббиёт соҳаси ва фармацевтик ишлаб чиқариш корхоналари тўғрисидаги видеоролик намойиш қилинди ва буклетлар тарқатилди. 

MJ компаниясидан жаноб Jashvantlal Shah ва Намангандаги “Камол мед фарм” корхонасидан Ҳолмирзаев Абдуманноплар йил охирига қадар инбал усулида инсулин ва айрим препаратларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан меморандум имзолади.

Jashvantlal Shah Ўзбекистон томонидан завод учун ажратиладиган ер майдонида фармацевтика заводи қуриш учун 10 млн. АҚШ доллари қийматидаги инвестиция киритиш истагини билдирди. Ажратиладиган ер майдонининг фотосуратлари, контурлари ва бошқа маълумотларни компанияга электрон почта орқали етказиш ва шу асосда ҳиндистонлик экспертлар хулосаси олинишига ва келгусида қуриладиган заводда инсулин ва субстанциялар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш келишиб олинди.

Шунингдек, йирик инвестицион фонд вакили жаноб Kothary томонидан ва ўсимликларни турли касалликлардан ҳимоя воситалари – кимёвий дорилар ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг энг етакчи еттиталигига кирган Biostadt Groop LTD вакили  Juzar Khorakiwala томонидан ҳам Ўзбекистонга инвестиция киритиш истаги билдирилди.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов Ченнай тиббиёт илмий билим юртидан доктор Патта Радхакришна билан музокаралар ўтказиб, билим юртининг малакали мутахассисларининг Ўзбекистонда турли мураккаб операцияларда иштирок этиши ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг Ченнай илмий билим юрти базасида малака ошириши ва сертификат берилиши ҳақида меморандум имзолади. Ўзбекистондан тажриба алмашиш ва малака ошириш учун келган мутахассислар клиника ҳисобидан бепул ўқитилиши кафолатланади.

Бундан ташқари JAYPEE hospitals ва Fortis Healthcare Limited вакиллари билан мулоқот ўтказилиб, тиббиёт соҳасида келгусидаги ҳамкорлик масалаларида музокаралар ўтказилди. Бунга кўра Наманган вилоятининг Чуст туманида жойлашган спорт ва соғломлаштириш тиббий ташҳис марказига замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва сарфлов воситаларини олиб келиш назарда тутилди.