Лам хоним номзоди сайловларда Хитой марказий ҳокимияти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

Пекин сиёсати тарафдори, 59 ёшли Кэрри Лам беш йиллик муддатга Ҳонгконг маъмурияти раҳбари этиб сайланди. Марказий сайлов комиссиясидан хабар беришларича, у сайловчилар ҳайъати аъзоларининг 777 та овозини жамғарган. Биринчи турдаёқ ғолиб бўлиш учун 600 та овоз етарли эди. 

Лам номзоди ХХР марказий ҳокимиятининг қўлловида эди ва унинг ғалабасига ҳеч ким шубҳа қилмаётганди. Унинг асосий рақиби, собиқ молия вазири Жон Цанг 365 та овоз олган. Учинчи номзод, апелляцион суднинг собиқ судьяси Ҳу Госинг учун фақат 21 киши овоз берган.

Кэрри Лам — собиқ катта вазир, маҳаллий маъмуриятда "иккинчи рақамли" инсон эди (бу лавозимни у 2012 йилдан 2017 январигача эгаллаган). У бошдан бош сайловолди пойгасининг шубҳасиз фаворити ҳисобланарди. Гарчи Цангнинг обрў-эътибори халқ ўртасида катта бўлишига қарамасдан, Пекин айнан Кэри Ламни қўллаб-қувватлай бошлаган, деб хабар беради манбалар.

Ҳокимиятнинг силлиқ алмашинуви

Ҳонгконгнинг амалдаги ижроия ҳокимияти раҳбари Люнг Чун-йинг Кэри Ламни сайловлардаги ғалаба билан табриклади ва ҳокимиятни тўсиқларсиз топширишини билдириб ўтди. 

Унинг ўзи ўтган йилнинг охирида "оилавий шароитларга кўра" иккинчи муддат учун сайловларда иштирок этмаслигини билдириб ўтган эди. 13 март куни Люнг Чун-йинг ХХР олий кенгашув органи — Хитой халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгашининг Бутунхитой қўмитаси раиси ўринбосарлигига тавсия қилинди.

У энди 1 июль куни Ҳонгконгдаги ваколатлари тугагунча ҳар икки лавозимда ишлаб туради. Сайлов олдидан Люнг Чун-йинг ўз вориси Пекин томонидан билдирилаётган етарли ишончдан фойдаланмаса, Ҳонгконг мухториятнинг кенг мақомидан маҳрум бўлиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. 

Омадли карьера

Ҳонгконг университетининг жамиятшунослик фанлари факультети битирувчиси Кэрри Лам 1980 йилда давлат хизматида иш бошлаган ва ҳукумат тизими ва идораларда бир неча лавозимларда ишлаган. 2007–2012 йилларда Ҳонгконгни ривожлантириш вазири лавозимида ишланган, кейин эса маҳаллий маъмуриятнинг катта вазири бўлган. Инглиз тилида эркин гаплаша олади. Турмуш қурган, икки фарзанднинг онаси, католик черковига боради. 

Қандай овоз беришди?

ХХР таркибида алоҳида маъмурий статусга эга, "бир мамлакат — икки тизим" формуласи бўйича бошқарилувчи Ҳонгконг мухториятида ҳозирча тўғридан-тўғри умумхалқ сайловлари тизими жорий этилмаган. Олий мақомдаги шахс сайловлари сайловчилар ҳайъати ёрдамида бўлиб ўтади. Бу органнинг таркиби 2016 йилнинг декабрида шакллантирилган, унга молия, саноат, илм-фан, диний доиралар ва жамоатчилик вакиллари, кўзга кўринган бизнесменлар ва сиёсий арбоблар — жами 1194 киши аъзо бўлган. Уларнинг аксарияти Пекин тарафдори эканлигини намойиш этишни хоҳлайди ва "марказ"нинг хоҳишларини рўёбга чиқаради. 

Сайлов юқори хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда Ҳонконгдаги кўргазма ва конференциялар залида бўлиб ўтди. Айтиш мумкинки, Пекиннинг Ҳонгконгни ички ишларига аралашишига қарши тинч намойиш ҳам талофатларсиз ўтказилди. 

Сайлов ислоҳоти инқирози

Ҳонгконгда ўтказилган ушбу сайловлар тарихда илк бор умумхалқ сайловлари бўлиши мумкин эди, бироқ бу ташаббус қаттиқ қаршиликка учради ва жиддий сиёсий инқирозни келтириб чиқарди. 2014 йилнинг 31 августида Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Доимий қўмитаси демократиялаштириш йўлидаги ваъдалари томон қадам ташлаб, 2017 йилги Ҳонгконг маъмурияти раҳбари сайловларида сайлов жараёни тартибини тасдиқлади. Ташаббусга кўра, сайлов умумхалқ характерида бўлади, лекин битта шарт билан: номзодлар сайловчилар ҳайъати томонидан тасдиқланган 2 ё 3 шахс бўлиши лозим. 

Бироқ демократик мухолифат ХХР томонидан узатилган келишув қўлини қайтариб ташлади ва номзодларни фильтрдан ўтказиш ва "сохта демократия" борасида бонг ура бошлади. 2014 йилнинг кузида мухолифат тарафдорлари Ҳонгконгда "чинакам эркин сайловлар" учун оммавий намойишлар ўтказиб, 79 кун мобайнида талабалардан иборат фаоллар шаҳарнинг марказий кўчалари ва чорраҳаларида ҳаракатга тўсқинлик қилишди.

Радикал ҳаракатнинг туғилиши

Пекин 2014 йил кузида демократик намойишлардан сўнг Ҳонгконгда пайдо бўлган Localism деб номланувчи радикал ёшлар ҳаракатидан ташвишда. Улар ўз ҳудуди учун ўзлари тўлиқ эгалик қилишни ёқлаб, чиқиш қилишмоқда. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Қонунчилик кенгашига ўтказилган сайловда олти нафар талабалардан иборат фаоллар ҳам таркибга қўшилган. Улардан икки нафари суд қарорига кўра мандатларидан жудо қилинган: қасамёд вақтида улар Хитой томон ҳақоратли сўзлар ёғдиришган ва айирмачилик шиорларини айтишган.

Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши Доимий қўмитаси раиси Жанг Дэйжанг яқинда Ҳонгконг диққатни сиёсий нозик масалаларга эмас, иқтисодий тараққиётга қаратиш лозимлигига чақирди. "Кўча сиёсати" ўрнига Ҳонгконг ўз тараққиёти билан машғул бўлиши, акс ҳолда очилаётган иқтисодий имкониятларни қўлдан бой бериши мумкинлигидан огоҳлантирди у.

Йигирма йиллик

Ҳонгконг маъмурияти янги раҳбари 1 июлдан ўз вазифасини бажаришга киришади. Шу куни Британиянинг собиқ анклави Хитой юристдикцияси остига ўтганлигининг 20 йиллиги ҳам нишонланади. Ушбу тадбирга ХХР раиси Ши Жинпинг ҳам келиши кутилмоқда. Демократик мухолифат тарафдорлари шу куни кенг миқёсли норозилик акциялари ўтказишни мўлжаллашмоқда.

Амалдаги "бир мамлакат — икки тизим" формуласига кўра, ўтиш даври учун ажратилган 50 йил (2047 йилгача) ичида Ҳонгконг алоҳида маъмурий статус, кенг мақомли мухторият ҳамда кўплаб демократик ҳуқуқ ва эркинликларни сақлаб қолади.

ТАСС материаллари асосида.