Россия ҳудудида сақланган зоман заҳарли газининг барча захиралари йўқ қилинди, деб хабар бермоқда Россиянинг кимёвий қуролларни хавфсиз сақлаш ва йўқ қилиш бошқармаси бошлиғи генерал-полковник Валерий Капашинга иқтибос келтирган ҳолда "Химическое разоружение" журнали.

"2017 йил 25 мартда Удмуртистонда Россияда кимёвий қуролни йўқ қилиш жадвалига биноан, зоман туридаги заҳарловчи модданинг сўнгги томчиси йўқ қилинди. Россия бугунги  кунда иприт ва фосфорорганик зоман каби заҳарли моддалардан тўлиқ халос бўлди", деб айтилган хабарда.

Зоман гази асаб-фалажловчи таъсирга эга фосфорорганик заҳарловчи моддалар оиласига киради. У рақиб аскарларини йўқ қилиш учун аэрозол шаклида ишлатилади.

Зоманнинг заррача томчиси танага кириши билан уни заҳарлайди. У биринчи синфдаги хавфлар қаторига киради.