Суриядаги энг йирик — Фурот дарёсидаги Табқа тўғонига "Сурия демократик кучлари" қуролланган коалицияси ва ИШИД террорчилик гуруҳи ўртасидаги жанглар натижасида талофат етган, деб хабар беради Ливаннинг "Ал-Маёдийн" телеканали.

ГЭС 1970-йилларнинг бошида совет мутахассислари билан ҳамжиҳатликда барпо этилган эди. "Табқа" тўғони мамлакатдаги энг йирик "Ал-Асад" сув омбори йўлини тўсиб туради.

Телеканал ўз манбаларига таяниб хабар берадики, электр станцияси бошқарув пункти ишдан чиққан ўз ишини тўхтатган. Телеканал суҳбатдошининг гапларига кўра, бунга сабаб авивазарба ёки артиллериядан ўққа тутиш бўлиши мумкин. Техник мутахассислар ҳануз давом этаётган қақшаткич жанглар туфайли объектга кира олишмаяпти.

СДКнинг араб ва курдлардан иборат отрядлари тўғондан тўрт километр узоқликда туришибди. Уларнинг яқин мақсади — ИШИДнинг "Суриядаги пойтахти" Раққа шаҳри йўлидаги энг йирик таянч нуқтаси — Табқа шаҳрини қўлга киритиш.

Террорчилар портлатиб юборишидан чўчиётган СДК ҳозирча Фурот ГЭСини штурм қилишга шошилмаяпти, дея хабар беради "Ал-Маёдийн".

Ўтган ҳафтада СДК матбуот-котиби Талал Селу "Ал-Ватан" газетасига берган интервьюсида Раққани бутунлай қўршовга олиш учун 15 кун етарли бўлишини таъкидлаган эди. Шундан сўнг "Сурия демократик кучлари" отрядлари АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция ҳарбий-ҳаво кучлари кўмагида шаҳарни эгаллаш борасида ҳал қилувчи ҳаракатларни бошлашади.

ИШИД террорчилари Раққани 2013 йилдан буён эгаллаб келишади. Ҳукумат қўшинларининг бир неча бор шаҳарни эгаллашга бўлган уринишлари муваффақиятсиз якунланган. Экспертларнинг фикрича, шаҳарда айни пайтда уч-тўрт мингга яқин жангарилар бор.