Австрия ҳукумати асли келиб чиқиши туркиялик бўлган Юнус Ф.ни ИШИД террорчилик гуруҳида иштирок этгани учун фуқароликдан маҳрум қилди. Бу Австрияда юз берган илк шундай ҳолат, деб хабар бермоқда Kurier газетаси.

Нашрнинг ёзишича, 2014 йилнинг августида Венада яшовчи Юнус Ф.  Австрияни тарк этган ҳамда Чеченистондан бўлган бир неча шахс билан биргаликда Сурия чегарасида қўлга олинган. У ИШИД террорчилари сафига бориб қўшилишни мақсад қилган. 

2015 йилнинг июнида у террорчилик бирлашмасига аъзо бўлгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ маҳкумни фуқароликдан маҳрум қилиш учун унда бошқа давлат фуқаролиги борлигини исботлаш керак бўлган.

Австрия ички ишлар вазирлиги суриштирув ўтказиш ҳамда Юнус Ф.ни фуқаролиги билан боғлиқ масалани ҳал қилишга топшириқ берди. Март ойи ўрталарида уни фуқароликдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилинди.

"Кимдир фуқароликдан маҳрум бўлса, бу унинг мамлакатда қолиш имконини пасайтиради. У хорижлик деб ҳисоблана бошланади. Шу тариқа, у билан хорижликлар иши бўйича полиция шуғулланиши керак", - дея ИИВ вакилининг сўзларини келтиради газета.

Нашрнинг таъкидлашича, Юнус Ф. эндиликда депортация қилиниши мумкин.