Маълумки, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки, “тилсиз ёв” моддий бойликларни бутунлай яроқсиз ҳолатга келтириш билан биргаликда инсонларнинг ҳаётига ҳам зомин бўлмоқда. 2017 йилнинг ҳозирги даврига қадар вилоятимиз ҳудудида 78 та ёнғин қайд этилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 тага камайганини кўрсатмоқда. Минг афсуски, ёнғинлар натижасида 2 нафар фуқаронинг ҳалок бўлиш ва 3 нафар фуқаронинг тан жароҳати олиш ҳолати қайд этилган.

Аксарият ёнғинлар оловдан эҳтиётсизлик, иситиш печлари ва электр ускуналари сабабли юзага келаётганлигини эътиборга олиб, соҳа ходимлари томонидан мазкур жабҳаларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Шу сабабли соҳа ходимлари профилактик ишларни вилоятимизнинг барча жабҳаларда кенг миқёсда олиб бормоқда. Жорий йилнинг 24 март куни ана шундай учрашувлардан бири Бахмал тумани тиббиёт бирлашмасида ҳам ўтказилиши режалаштирилган эди.

Гарчи, бирлашма раҳбарияти учрашув ўтказилишидан бир кун олдин “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш – долзарб масала” мавзусида семинар-учрашув ўтказилиши ҳақида огоҳлантирилган бўлса-да, бирлашма ҳудудида мавзуга мутлақо тескари ҳолатнинг гувоҳи бўлдик:

– муассаса ташкилий-услубий бўлимга кирганимизда бу ерда бир нечта қўлбола электр иситиш мосламаси очиқдан-очиқ фойдаланилаётганлиги, гарчи бу ёнғин хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги аён бўлиб, ҳатто печ жойлашган полнинг юқори ҳарорат таъсирида ўз рангини ўзгартириб, ёнғиннинг илк аломати ҳисобланган “қора доғ”нинг пайдо бўлишига қарамай, муассаса ходимлари бунга мутлақо эътиборсиз бўлган;

– муассаса девонхонасига кирганимизда бу ерда ҳам электр иситиш печи ўрнатилгани, аммо ходим ёнғин хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномадан ўтмаганлиги, муассасада ходимларнинг хавфсизлик қоидалари билан таништириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ходимнинг ўзини тутишидан ҳам аён бўлиб қолди. Ваҳоланки, қоида бўйича меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича муассаса раҳбарияти томонидан алоҳида буйруқ чиқарилиши ва ходимлар томонидан имзо қўйдириш йўли билан доимий таништириб борилиши зарур эди;

– электр қалқони жойлашган хона бутунлай қаровсиз қолдирилиб, ортиқча нарсалар сақланадиган “омборхона”га айлантирилган. Бу ердаги вазият “чиқиндихона”ни эслатади. Ваҳоланки, электр қалқони сақланадиган хоналарга алоҳида хавфсизлик қоидалари қўйилади. Чунки, биринчидан, ушбу хонада юқори кучланишли электр симлари ўтган бўлиб, бу инсонлар ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Иккинчидан, бинодаги умумий кучланишни ҳам айнан шу хонадан бошқариш мумкин, яъни агар бинонинг бошқа хоналарида ёнғин юзага келганда ҳам айнан шу хонадан электр кучланишини ўчириб, сўнг ёнғинни бартараф этишга киришиш зарур. Шу сабабли хона тоза ва доимий назоратда бўлиши талаб этилади. Ушбу ҳолатда эса мутлақо тескари вазиятни кўриш мумкин;

– хоналарда носоз электр улагич (розетка)лардан фойдаланиш ҳолатларига жуда кўп мисоллар келтириш мумкин;

– бирлашма ходимлари томонидан “ошхона” деб аталаётган жойда эса бутунлай антисанитария ҳолати юзага келган;

– бирлашма ҳудудида мавжуд ёнғин ўчириш қалқонлари кўздан кечирилганида бирламчи ёнғин ўчириш воситалари яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги, ёнғин ўчириш учун ишлатилиши лозим бўлган челаклар эса коррозия таъсирида занглаб, сув турмас даражада тешиклар пайдо бўлганлигини илғаш қийин эмас. Қум солиниши керак бўлган алоҳида жой эса чиқинди билан тўлдирилган эди. Бир сўз билан айтганда, қалқоннинг ҳатто ранги ҳам талаб даражада эмасди;

– муассаса қаватларида бўлиши кўзда тутилган ёнғин ўчириш жўмраклари ҳам қаровсиз қолдирилиб, қувурнинг ўзигина қолган, холос. Ваҳоланки, ушбу қувурлар ҳар бир қаватда жойлаштирилган бўлиб, улар ёнғин ўчириш енгликлари ва дастаги, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланиши, ёнғин вақтида айнан шулар орқали тез ва кам талофат билан бартараф этиш чоралари кўрилиши лозим;

– бинонинг заҳира чиқиш йўлларига газ қувурлари ва газ плиталари ўрнатилиши натижасида у қаровсиз ҳолатга келиб қолган. Ваҳоланки, зина катаклари ўтишга осон ва тўсиқларсиз бўлиши, у ерда ёнувчи газлар ва газ плиталари ўрнатилиши мутлақо тақиқланган;

– бу ерда ҳам ёнғин ўчириш жўмраклари яроқсиз ҳолатга келиб, жўмракнинг ички қисми шифокорлар резина қўлқоплари билан тўлдириб қўйилганлигини кўриш мумкин;

– тиббиёт бирлашмасига қарашли иккинчи ёнғин ўчириш қалқонида эса биттагина челакни кўриш мумкин;

– тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиникада ҳам умумий аҳвол шу: носоз электр улагич ва электр иситиш печларини тез-тез ва кўп маротаба учратиш мумкин, иситиш печларининг қоғоз дафтарлар устига қўйилганлигини эса бирон-бир сабаб билан изоҳлаб бўлмайди. Ахир, қоғоз осон ёнувчи маҳсулот эканлиги тиббиёт ходимларига наҳот аён бўлмаса;

– даволаш хоналаридан бирига қўйилган қўлбола электр иситиш печига хамшира томонидан дори-дармонларни иситиш мақсадида фойдаланамиз, деб изоҳ берилди. Ваҳоланки, дори-дармонлар муайян ҳароратда сақланиши, улардан фойдаланишда ҳам муайян тартиб-қоидалар мавжуд. Туман тиббиёт бирлашмасида дори-дармонларни иситиш учун қўлбола ва носоз электр иситгичга эҳтиёж сезилганини қандай изоҳлаш мумкин. Агар тиббиёт бирлашмасига ташрифимиз март ойида ўтказилганини эътиборга олсак, муассасада қиш ойларида ёнғинга қарши ҳолат қандай бўлган, деган саволга биз хона полларида учратган ўндан ортиқ қора доғлар орқали жавоб олишимиз мумкин. Чунки, ушбу доғлар иситиш печларининг қизиб кетиши оқибатида юзага келган, ходимлар буни ўз вақтида пайқаб қолиб, уни ўчиришгандан далолат беради. Лекин ҳар сафар шундай бўлади, бир сафар ходим кеч қолиб печдан ёнғин юзага келмайди, деб ким кафолат беради?! Тиббиёт ходимлари ана шу ўткир ҳақиқатни тан олмаяптилар ёки тан олишни истамай, ўз қоидабузарликларни хаспўшлаш учун турли баҳоналарни рўкач қилмоқдалар.

Аниқланган ҳолатлар бўйича тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан суҳбат ўтказишга ҳаракат қилганимизда, бир неча соатлик уринишлардан сўнг, атиги 32 нафар ходим билан суҳбат ўтказишга муваффақ бўлдик, ваҳоланки, биз бохабар қилмоқчи бўлган хавфсизлик қоидалари ҳақида хабардор бўлишдан  муасассанинг ҳар бир ходими манфаатдор-ку. Чунки ушбу қоидалар ўтган йили Республикамиз ҳудудида 139 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган ёнғинлар ва уларнинг олдини олиш ҳақида бораётган эди.

Ёнғин хавфсизлиги учун, биринчи навбатда, масъул шахс, муассаса раҳбари Олим Давлатов билан шу куни кўришишнинг умуман имкони бўлмади. Турли баҳоналар билан бошқа вилоятда эканлигини баҳона қилаётган раҳбарнинг ўз ташкилотидаги аҳволдан хабари йўқмиди? Албатта, хабардор бўлган. Аммо хавфсизлик қоидаларига панжа остидан қарайдиган ушбу раҳбарга ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг мунтазам бузилиши одатий ҳолга айланган эди.

Мисол учун, Бахмал тумани тиббиёт бирлашмасига 2016 йилнинг 16 февралида 18 банддан иборат ёзма кўрсатма тузилган бўлиб, декабрь ойида ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги учун хўжалик ишлари мудири, кўп тармоқли хирургия бўлими мудири, поликлиника бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 211-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

2017 йил 22 март куни 22 банддан иборат яна бир ёзма кўрсатма юборилган бўлиб, ёзма кўрсатма бандлари бўйича белгиланган муддатда қайта текширув ўтказилиши режалаштирилган.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига беписандлик билан қараш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

Юқорида аниқланган ҳолатлар қоидабузар ходимларга нисбатан тегишли маъмурий чора кўрилди, носоз ва қўлбола элекир иситиш печларидан фойдаланишга чек қўилди.

Шу ўринда, “саломатлик ҳимоячилари” ҳисобланадиган, туну кун инсонларнинг саломатлигини тиклаш ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш учун меҳнат қиладиган, лекин ҳар йили юзлаб инсонларни ёстиғини қуритаётган  “тилсиз ёв”ни олдини олишга бефарқ қараётган тиббиёт ходимларини ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга чақирган бўлардик. Чунки, улар бугун иш жойида йўл қўяётган эҳтиётсизликларини эртага уйида қилиши, фарзандлари бундан ўрнак олиб, охир-оқибатда кўнгилсиз воқеага сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

Фаррух Абдурахманов
Жиззах вилояти ИИБ ЁХБ
катта муҳандиси, лейтенант