Арманистон президенти Серж Саргсяннинг зарурият туғилганда "Искандер" комплексларини ишга тушириши ҳақида сўзлари ички аудитория учун мўлжалланган, дея баёнот берди Озарбойжон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Илгарироқ, Саргсян зарурият пайдо бўлганда "Искандер" комплексларини ишга тушириш учун буйруқ бериши ҳақида чиқиш қилган эди. 

"Бу баёнот парламент сайловлари олдидан очко йиғиш учун Арманистоннинг ички аудиторияси учун мўлжалланган. Арман томони шуни тушуниши керакки, Озарбойжоннинг босиб олинган ҳудудлари, Арманистоннинг бутун ҳарбий ва стратегик объектлари Озарбойжон қуролли кучларининг замонавий ракета ва артиллерия қурилмалари нишони остида турибди. Арманистон томонидан бўладиган ҳар қандай таҳдид қатъий бартараф этилади, унинг оқибатлари арман томони учун фожиали ва тиклаб бўлмас даражада бўлади", — дейилади хабарда.

Қорабоғ низоси 1988 йилнинг февралида — Тоғли Қорабоғ автоном области Озарбойжон ССР таркибидан чиқишни эълон қилганидан сўнг бошланган. 1991 йилнинг сентябрида Тоғли Қорабоғ автоном области маркази Степанакертда Тоғли Қорабоғ Республикаси тузилгани эълон қилинган эди. Озарбойжон ҳукумати кейинги қуролли тўқнашувлар оқибатида Тоғли Қорабоғ назоратини ўз қўлидан чиқарган.