Кўпчиликка тарихдан маълумки, Ватанимиз ҳудудига ислом динининг кириб келиши, бу ҳудудда илм-фаннинг ривожига замин ҳозирлаган эди. Янги диннинг кириб келиши бу ҳудудда яшовчи халқларнинг тараққиётига жуда катта таъсир кўрсатди. Хусусан, IX-XII асрлардаги Шарқ уйғониш даврининг юзага келишида ислом динининг таъсири кучли бўлганлигини ўша даврнинг ислом дини марказлари бўлган Дамашқ, Бағдод, Қоҳира шаҳарларида илм-фан ривожи учун барча шароитларнинг яратилганлиги билан асослаш мумкин. 

Аммо кейинчалик XVII-XVIII асрлар бошлаб, ватанимиз ҳудудида илмсизлик авж олди, бу эса охир-оқибат ўлкамизнинг Чор Россияси томонидан забт этилиши учун қулай шароитни юзага келтирган эди. Халқимизнинг илм бебаҳо куч эканлигини тушиниши ва ҳис этиши учун бир асрдан зиёд вақт кетди. Яқинда “Ёшлар” телерадиоканали орқали эфирга узатилган, Эрон киноижодкорлари томонидан суратга олинган, “Будда уятдан йиқилди”, деб номланган фильм ҳам айнан илмсизликнинг вужудга келиш сабаблари ҳамда унинг оқибатлари ҳақидаги фалсафий бадиий фильмдир. Мазкур фильмнинг миллий телеканаллар орқали намойиш этилганлиги жуда қувонарлидир, лекин бу фильмни тамоша қилганда Ўзбекистон ва Афғонистондаги ёшларнинг таълим олишлари учун яратилган шароитларни баҳолаш ёки қиёслаш унчалик ҳам тўғри бўлмас эди назаримда. Чунки бу фильмда бутун бир ҳудуднинг илмсизлик натижасида қандай вайрона юртга айлангани, жуда аянчли аҳволда эканлиги кўрсатиб берилган.

Агар эътибор қаратадиган бўлсак фильм Афғонистоннинг Бамиён водийсида жойлашган дунёдаги энг катта будда ҳайкалининг 2001 йил ўша пайтдаги толиблар етакчиси Муҳаммад Умар буйруғига кўра портлатилиш саҳнаси билан бошланади. Айнан мана шу саҳна филмнинг кульминацион нуқтасидир. Нимага? Чунки инсоннинг ўзи ясаган нарсага ўзи сиғиниши на ёмонлик ва на яхшилик қилиши мумкин бўлган тошга топиниши бу ҳақиқий нодонлик ва катта гуноҳдир. Лекин асосийси бунда ҳам эмас. Мисли кўрилмаган катталикдаги ҳайкални табиий тоғ шароитида ясаш учун инсонга қанча мукаммал билим ва кўникмалар керак бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг. Яъни, ўша ҳудудда бундан 15 аср аввал яшаган аҳоли бунёд этган бу улкан хайкалдек мустаҳкам обидани бугун бу ҳудудда яшаётган халқ ярата олармикин? 

Кинодаги биринчи хулоса шу ерда намоён бўлади. Агар инсон дунёни тўлдирадиган билим эгалласа ва мазкур илм иймонга бўй сундирилмаса тўпланган билим жаҳолатга хизмат қилишини, яъни бундай билим будда ёки бошқа номдаги мажозий “буд”ларни ўртага чиқариб инсонларни гуноҳга ботириши мумкинлигини кўрсатади.

Иккинчидан, инсоннинг “мукаммал билими” асосида ясалган ҳайкал инсоннинг “мукаммал жоҳиллиги” асосида портлатилишидир. Яъни ҳар қандай ва ҳар қайси жойдаги илмсизлик охир-оқибат ширкка олиб келиши тўғрисидаги хулосани беради. Қишлоқдаги илмга бўлган муносабтга эътибор беринг ва бир вақтнинг ўзида будда жисмонан йўқ қилинган бўлсада, унинг ёнидан кетиш йўлини топа олмай халак булаётган инсонларга эътибор қаратинг. 

Кўча безори болалар фильмдаги инсонни ўйлашга мажбур қиладиган масалалардан биридир. Мактаб кўрмаган, қўлидаги таёқларни мукаммал қурол деб биладиган, буддага қараб ҳукм қиладиган, ўзининг биродарлари ва сингилларини жосус деб ўлимга ҳукм қиладиган ва ўзлари чиқараётган ҳукмларни Аллоҳдан деб биладиган тақлидчи болалар бизларга кимларнидир эслатгандай бўлади.    

Бахтой персонажи бу рамзий “илм” тимсолидир. Унинг нақадар ночорлиги, ҳимояга муҳтожлиги шу билан бирга ҳамиша курашга тайёрлиги фильмнинг асосий нуқталаридан биридир.

Бундан ташқари, фильмда “Бир инсоннинг дарахт тагида ухлаганлиги ва унинг бошига ёнғоқ тушганлиги ва у кишининг яхшиям дарахтда қовоқ ўсмаганлиги, агар қавоқ ўсганда ўлган бўлиши ҳақидаги фалсафий фикри қайтарилади. Бундай қарашнинг бошланғич синф китобида келтирилиши бироз ғалати. Лекин филм ижодкорлари Аллоҳ ҳаким зот эканлигига урғу бермоқдалар. Яъни дунёни мукаммал қонун қоидалар асосида яратилганлиги ва бу қонун қоидалар барча учун бир хил амал қилишини уқдирмоқдалар.

Агар киши ўқимаса, илм эгаси бўлмаса ва унга амал қилмаса  гуноҳлар гирдобида қолади ва бу гуноҳлар уни хорликка етаклайди.

ЎзМУ катта ўқитувчиси Содиқ Хамид