Tribuna.uz сайти ЖЧ-2018 саралашида Европа минтақасида биринчи давра ўйинларидан кейин юзага келган вазиятни кўриб чиқди.

ЖЧ-2018 саралаши, Европа минтақасида 9та гуруҳдан 9 ғолиб жамоа тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлади, яна 4 йўлланма гуруҳларда иккинчи ўринларни эгаллаган саккиз жамоа (энг ёмон натижа кўрсатган иккинчи ўрин эгаси плей-оффга ўтмайди) ўртасида ўйналади.

А гуруҳи
Франция – 13, Швеция – 10, Болгария – 9, Нидерландия – 7, Беларусь – 2, Люксембург – 1

Европанинг вице-чемпионлари стартда Борисовда голсиз дуранг қайд этганди – шундан сўнг фақат ғалаба. Францияга гуруҳ ғолиблиги учун Euro-2016 турнирини ўтказиб юборганига қарамасдан Нидерландия рақобат қилиши кутилаётганди, аммо Ибраҳимовичсиз Швеция ҳозирда гуруҳда иккинчи ўринда, шанба куни Софияда болгарларга ютқазган (0:2) нидерландлар 5 ўйиндан 7 очко олган ҳолда тўртинчи ўринга тушиб кетди,  Данни Блинд терма жамоа бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди. Аммо иккинчи ўрин учун кураш давом этади, иккинчи даврада Нидерландия Швеция ва Болгарияни ўз майдонида қабул қилади.

Биринчи ўрин учун кураш тақдири эса 9 июнь куни Швеция – Франция учрашувида ҳал бўлади.

В гуруҳи
Швейцария – 15, Португалия – 12, Венгрия – 7, Фарерь ороллари – 5, Латвия – 3, Андорра – 1

Бу гуруҳда катта эҳтимол билан барчаси Португалия – Швейцария ўртасида 10-тур доирасида 10 октябрь куни ўтказиладиган учрашувда ҳал бўлади. Бу икки жамоа гуруҳ фаворитлари. Европа чемпионлари охирги тур арафасида иккинчи ўриндан пастда бўлмаслиги, биринчи ўрин билан орадагиф фарқ 3 очкодан кўп бўлмаслиги кутилади. Маълумот учун, очколар тенг бўлиб қолган тақдирда урилган ва ўтказиб юборилган голлар бўйича кўрсаткичларга қаралади. Ҳозирда бу борада португалияликлар устун: 19:3 ва 10:3.

Қайд этиш керакки, Швейцария Германия билан бирга ҳозиргача бўлган ўйинлардан 100 фоизлик натижа кўрсатган икки жамоадан бири бўлиб турибди. Шу билан бирга альпликлар ҳатто аутсайдерларга қарши ўйинларда ҳам кичик ҳисобларда ғалаба қайд этган - Андоррадан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтилди, Женевада Латвияга қарши ўйинда 1:0 ҳисобидаги ғалаба.  Швейцарияликларнинг Венгрияга қарши ўйини португаллардан фарқли ўлароқ ўз уйида бўлиб ўтади.

С гуруҳи
Германия – 15, Шимолий Ирландия – 10, Чехия – 8, Озарбойжон – 7, Норвегия – 3, Сан-Марино – 0

Бу гуруҳда ким ғолиб бўлиши ойдек равшан: бу Германия. Якшанба куни Белфастдаги мағлубиятдан кейин Норвегия курашдан чиқди. Иккинчи ўрин учун кураш Шимолий Ирландия ва Чехия ўртасида кечади. Британларда вазият яхшироқ, шимоллик ирландлар чехлар майдонидан 0:0 ҳисобидаги дуранг билан қайтганди.

D гуруҳи
Сербия, Ирландия – 11, Уэльс, Австрия – 7, Грузия – 2, Молдавия – 1

Дублинда уэльсликлар асосий рақиблардан бири билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Уэльсликларнинг ирландлардан ташқари яна 2та асосий рақиби бор. Сербия Грузияни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, биринчи ўринга кўтарилган. Шунингдек Австрия 7 очко тўплаган ҳолда Уэльс билан 3-4 ўринларни бўлишиб турибди.

Бу гуруҳда Euro-2016 турнирида ўзини кўрсатган уч жамоа жамланган. Айнан шу гуруҳ етакчиси 13 очкодан кам очко жамғарган гуруҳ бўлиб турибди. Дастлабки 3 жамоа ҳали мағлубиятга учрамаган, фақат Австрияда 2 мағлубият, лекин бу жамоада имконият сақланиб қолмоқда.

Июнда кўп нарса ойдинлашиши мумкин, серблар уэльсликларни қабул қилади, ирландлар эса ўз майдонида – австрияликларга қарши ўйнайди. Мезбонлар ғалаба қозонса, таъқибчилар катта фарқ билан ортда қолдирилиши мумкин.

Е гуруҳи
Польша – 13, Черногория, Дания – 7, Руминия, Арманистон – 6, Қозоғистон – 2

Пищекнинг Подгорицедаги ўйин сўнггида урган голи Польшага гуруҳда катта устунлик тақдим этди. Энди Левандовски ва жамоадошлари иккинчи ўриндан 6 очко олдинда ва бу С гуруҳи етакчиси бўлмиш Германияда ҳам йўқ устунлик!

Данияликлар Руминияга қарши ўйинда катта устунликка эга бўлсада гол ура олмади (0:0). Иккинчи ўрин учун курашга кутилмаганда Арманистон ҳам қўшилди. Иккинчи ўрин учун кураш қизғин бўлади, лекин айнан шу гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган жамоа энг ёмон кўрсаткич туфайли плей-оффсиз қолиши мумкин. Айни вақтда вазият шундай бўлиб турибди.

F гуруҳи
Англия – 13, Словакия – 9, Словения – 8, Шотландия – 7, Литва – 5, Мальта – 0

Германия Бокудаги ўйинда гол ўтказгач, Англия барча ўйинларни "қуруқ" ўтказган ягона жамоа бўлиб қолмоқда. Инглизлар йирик ғалабаларсиз бўлсада, ЖЧ-2018 сари хотиржамлик билан ҳаракатланмоқда. Кейинги ўринлардаги жамоалардан фақат Словенияда биринчи ўрин учун имконият мавжуд.

G гуруҳи
Испания, Италия – 13, Исроил – 9, Албания – 6, Македония – 3, Лихтенштейн – 0

Бу гуруҳда биринчи ўрин учун кураш давом этади. Испания ва Италия ўртасида кураш кечади, аммо Пиреней ярим ороли вакилларида нисбатан устунлик. Биринчидан испанларда тўплар нисбати яхшироқ: 19:2 ва 13:4. Иккинчидан эса 2 сентябрь куни улар ўз майдонида итальянларни қабул қилади.

H гуруҳи
Бельгия – 13, Греция – 11, Босния – 10, Кипр, Эстония – 4, Гибралтар – 0

Бу гуруҳда юқори ўринлардаги 3 терма жамоа аутсайдерларга қарши ўйинларда қоқилмаган. Барчаси уларнинг ўзаро учрашувларида ҳал бўлмоқда. Греция ҳимоявий ўйини билан Брюсселдан 3 очко олиб қайтиши ҳам бўлганди, аммо сафардаги дуранг ҳам Эллада учун яхши кўрсаткич бўлди.

Бельгия ўз салоҳиятига кўра, албатта, бу гуруҳда биринчи бўлиши керак. Тўплар нисбати бу жамоада ажойиб кўринишда: 22:2. Аммо иккинчи даврада "Қизил иблислар" Греция ва Боснияга қарши сафар ўйинларини ўтказади. Грекларга қарши ўйин 9 июнда.

I гуруҳи
Хорватия – 13, Исландия – 10, Украина, Туркия – 8, Финляндия, Косово – 1

Загребда Андрей Шевченко шогирдларини мағлуб этган хорватлар ЖЧ-2018 сари муҳим қадамни ташлашди. Аммо ҳозирча уфқ булутсиз эмас. Шимолдан шамолли ҳаво келиши мумкин. 11 июнь куни хорватлар Рейкьявикка сафар қилишади. Шу ўйиндан сўнг исланд викингларининг имкониятлари ойдинлашади. Ҳозирча мундиал сари йўлда Туркиянинг ҳолати яхши эмас - турклар 8 очко билан тўртинчи ўринда.